Публицист ва блогер Шокир Шарипов Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, 22 ноябрь куни пойтахтда бир кишилик пикет уюштирганди. У Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 15 ёшли боланинг уриб ўлдирилиши сабаб пикет ўтказишга қарор қилганини айтган.

«Тизимни ислоҳ қилиш йўлидаги ишлар бир жойда депсиниб тургани, айниқса, ички ишлар биноларидан инсонлар мурдаси чиқаётгани мени ташвишга солади. Қўқондаги ИИБ муассасасида 15 ёшли бола ўлдирилиши бу ерга чиқишимда асосий омил бўлди», деганди жамоатчилик фаоли.

У бундай ҳолатларда ички ишлар вазири шахсан халқ билан мулоқот қилмаётгани сабабли ҳам унинг истеъфосини сўраётганини айтади.

1 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазирнинг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Пўлат Бобожонов жамоатчилик ўз истеъфосини талаб қилаётгани, шу мақсадда ўтказилган пикетдан хабардор эканини таъкидлади.

«Вазиримизнинг ўзлари ҳам ижтимоий тармоқларни доимий равишда кузатиб боради. Биз вазиримизга бу бўйича [пикет ўтказилгани ҳақида] аниқ ахборот бердик. “Бу одам билан гаплаш, нима муаммоси бор?” деб аниқ топшириқ берди.

Кейин BBC ўзбек хизмати мухбири Авазбек билан боғландик. Журналистнинг аниқ қандай саволлари бўлса, шунга жавоб берайлик, учрашайлик, дедик. Чунки блогернинг BBC’га берган интервьюсида аниқ бир масала кўрсатилмаган. Фақатгина матбуот хизмати ҳақида гапирилган.

Мен ҳайрон бўлдим, бу одамни илгари танимас эканмиз. У Kun.uzʼнинг колумнисти экан. Буни менга Авазбек айтди. Авазбекка блогер биз билан боғланишини таъкидладим. У эса боғлаб беришини айтди. Лекин шу пайтгача бу одам биз билан боғланмади, гаплашмади, аниқ савол ҳам қўймади», — деди Ғиёсов.

BBC нашри ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистон ҳукуматидаги матбуот ва маҳаллий журналистлар учун энг ёпиқ бўлган амалдорлардан эканини қайд этган.

Матбуот анжуманида журналистлар ички ишлар вазири нима учун оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказмаслигига ҳам изоҳ сўрашди.