Украина армияси Шарқий гуруҳи вакили Сергей Череватийнинг маълум қилишича, РФ армияси «қандайдир муваффақиятга эришилаётгани»ни кўрсатиш мақсадида бор имкониятларни ишга солиб Бахмутни (руслар бу ерни Артемовск деб атайди) эгаллаб олмоқчи, бундан ташқари, шаҳар олингач Донецк областининг Украина назоратида қолаётган сўнгги йирик шаҳарлари бўлмиш Покровск, Словянск ва Краматорск томон йўл очилиши мумкин.
«Бу уларнинг асосий мақсади, агар улар шаҳарни рўпарадан юриш қилиб эгаллай олмаса - қуршаб олмоқчи. У ерда вазият жуда оғир, аммо вазият назорат остида. Қўмондонлик уларнинг ҳаракатлари табиатини кўриб турибди, хусусан, ўтган кунда уларга бизнинг артиллериямиздан жиддий салом йўлланди, хусусан юқори аниқликдаги янги тизимлар билан», деган Чреватий.
Россия ҳарбий идораси расмийси Игор Конашенков ҳар кунги брифингда ҳудуддаги вазиятни шундай тавсифлаган: «Донецк йўналишида Россия қўшини Донецк халқ республикасининг Артемовск шаҳри атрофида муваффақиятли юриш қилмоқда».
Бахмут учун жанглар бир неча ойдан буён давом этмоқда, ҳарбий ҳаракатлар баҳор охирларида ва ёз бошларида бошланганди - ўшанда украин қўшинлари Попасная, Лисичанск ва Северодонецкни ташлаб чиқишганди.
Аммо бу ҳудуддаги ҳарбий ҳаракатлар интенсивлиги ошди: Украина томони ҳам, Россия армияси ҳам бу ерга қўшимча кучлар жўнатмоқда. Бу ҳудудда маҳбуслар ҳисобига сафини тўлдирган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси бўлинмалари фаол ҳаракат қилмоқда.
Бахмут учун жанг: Россия нега бу қадар ўжарлик билан шаҳарни эгаллашга уринмоқда?
«Тактика ўзгариши»
Сўнгги ҳафталар давомида РФ армияси Бахмут остонасида кичик муваффақиятларга эришаётгани ҳақида хабарлар келиб турди: жумладан россиялик ҳарбийлар Курдюмовка посёлкаси эгалланганини хабар қилишди.

Аммо Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) ўз ҳисоботида Бахмут қуршовга тушиши хавфи йўқлиги, бу шаҳарни Северск ва Константиновка билан боғловчи трассалар Украина назоратида қолаётганини қайд этишди.




















