6 декабр куни Тошкентда ташкиллаштирилган «Зўравонликка қарши курашни институционализация қилиш. Медиада гендер-таъсирчан образларни яратиш» мавзусидаги халқаро конференцияда иқтисодчи, профессор Барногул Санақулова хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик юзасидан қонунларни кучайтириш нега пайсалга солинаётгани ҳақида савол берди.

Профессор бу вазиятда кўп оғриқли масалаларга сукут сақлаш билан жавоб бераётган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси жамиятда зўравонларга нисбатан чора кўрилмайдиган тизимни вужудга келишига ҳисса қўшаётганига урғу берди.

«Сиз шундай тизим яратяпсизки, бу тизимда зўравон билан ҳеч ким ишламайди. У хоҳлаган ишини қилади, чунки қонунлар унга шу имконни беради.

Саида Мирзиёевага раҳмат. Фақатгина у ўз нутқида реал ҳолатга алоқадор бўлган кейсларни, тезисларни гапириб ўтди. Бугун қонунларни таҳлил қилсак, уларни зўравоннинг ўзи ёки адвокати ёзгандек. Жазога ҳукм қилинган зўравон қамоқдан 1,5 ёки 3 йилда чиқиб келади. Жуда борса, қандайдир жарималар билан қутулиб кетиши ҳам мумкин ва яна зўравонлик қилишда давом этиши ҳам мумкин.

Педофилизм масаласида ҳам худди шундай ҳолат. Агар педофил ўз манзилини ўзгартирадиган бўлса, яна шу иллати билан ўз қилмишларини давом эттириши мумкин. Ҳеч ким бунга қаршилик қилмайди.

Сиз нимани кутяпсиз? Зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунларни мониторинг қилдик, киритиладиган ўзгартишлар бўйича ҳужжат тайёрланди, лекин нега ҳалигача қонун қабул қилинмаяпти?

Бир ойда 7 та аёлни ўлдиришяпти, лекин сайтингизда уларнинг бирортаси ҳақида маълумот йўқ. Ҳолбуки, оммавий ахборот воситалари бу ҳақида тўхтамай ёзиляпти. Нега бирортасига қўмита раиси сифатида ўз муносабатингизни билдирмаяпсиз? Фақат расмга тушиш, кўргазмалар ўтказиш каби тадбирлардан ортмаяпсиз?» – деди Барногул Санақулова.

Модератор томонидан регламент ҳақида огоҳлантирилган профессор уч сафардан буён қўмита раиси билан учрашиш имкони бўлмаганини қўшимча қилди.