Ўзбекистон | 16:55 / 09.01.2023
8738
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways Қозонга учган самолёт носоз двигател билан қўнганини тасдиқлади

Фото: Uzbekistan Airways

Kun.uz'да Ўзбекистон ҳаво йўлларига тегишли Airbus A320 самолёти Россиянинг Қозон шаҳрига қўниш олдидан двигателларидан бири ишламай қолгани, носозликка қарамай учоқ муваффақиятли қўнишни амалга оширгани ҳақида хабар берилганди.

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг ҳолат юзасидан Kun.uz'га маълум қилишича, самолёт чиндан носоз двигател билан қўнишни амалга оширган. Қозонга учган самолёт бортида 173 нафар йўловчи: 158 нафари катта ёшдаги, 13 нафар ўсмир ҳамда 2 нафар чақалоқ бўлган.

«2023 йилнинг 7 январ куни HY9649/9650 Тошкент – Қозон – Тошкент йўналишида парвоз қилаётган Airbus A320 ҳаво кемасининг битта двигатели ишдан чиққан. Ҳаво кемаси муваффақиятли тарзда носоз двигател билан Қозон аэропортига қўнган. Борт саҳнида 173 йўловчи (158 нафар катта, 13 ўсмир ва 2 чақалоқ) бўлган ва қўниш жараёнида уларнинг ҳеч бири зарар кўрмаган.

Юзага келган муаммони бартараф этиш учун Boeing767 ҳаво кемасида HY8649/8650 қўшимча рейс ташкил этилган. Ҳозирда ҳаво кемасининг двигателининг ишдан чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Қозон-Тошкент қайтиш рейсида эса166 нафар йўловчи манзилга етказилган.

Uzbekistan Airways AЖ ахборот хизмати йўловчилар хавфсизлиги биринчи ўринда эканини эслатиб ўтади. Йўловчилар ва кутиб олувчиларга етказилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади авиакомпания ахборотида.

Kun.uz «AVIAINCIDENT» Telegram-каналига асосланиб, 7 январ куни Қозонга UZB9649 рейсни амалга ошираётган UK32012 рақамли учоқ маҳаллий вақт билан 19:40 да двигателлардан бири ишламай қолгани ҳақида хабар бериб, 2700 фут баландликда учишга рухсат сўрагани, кейинчалик носозликка қарамай, муваффақиятли қўнгани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид