9 январдан Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келди. Барча ҳудудларда қор ёғиб, ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетди. Йўлларда музламалар пайдо бўлди, транспортлар ҳаракати оғирлашди. Совуқ об-ҳаво сабабли ҳатто поездлар йўлда тўхтаб қолди, маҳаллий ва халқаро авиарейслар кечиктирилди.
Энг асосийси эса табиий газ ва электр энергияси таъминотида том маънодаги инқироз юзага келди. Айниқса, пойтахтнинг кўплаб туманлари суткалаб газсиз ва электр токисиз қолди.
Президентнинг бош вазирга топшириғи
Аслида президент электр ва газ муаммоларини ҳал қилиш бўйича 2022 йилнинг декабрь ойи бошидаёқ бош вазирга топшириқ берган эди. Хусусан, 2022 йил 7 декабрда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда кутилаётган натижалар ва энергетикадаги мавжуд вазият бўйича йиғилиш ўтказилган.
Йиғилишда президент топшириғига асосан электр ва газ муаммоларини ҳал қилиш, мавжуд вазиятни юмшатиш, тезкор чоралар кўриш учун бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат ишчи гуруҳи тузилгани маълум қилинган.
Ишчи гуруҳга қуйидаги вазифалар юклатилган:
- республика ҳудудида энергия тақчиллиги муносабати билан юзага келган вазиятни қисқа муддатларда чуқур таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тезкор чоралар кўриб бориш;
- электр энергияси ва газни биринчи навбатда аҳолига етказиб бериш заруриятини эътиборга олган ҳолда, мавжуд энергия ресурсларини мувозанатли тақсимлаб бориш ва ушбу жараённи қатъий назорат қилиш;
- электр энергияси ва газ тақчиллиги шароитида муқобил энергия маҳсулотлари билан аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз таъминлаш ишларини жадаллаштириш;
- ижтимоий объектлар, жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш юзасидан зарур маблағлар ажратиб бориш ва уларнинг мақсадли ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;


















