Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти ҳудудидаги бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш тизими ўрганилди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги 716 та мактабнинг 143 688 нафар бошланғич синф ўқувчисига кейтеринг тизимида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан бепул нонушта берилиши йўлга қўйилган. Ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой, Кегейли, Тўрткўл ҳамда Қўнғирот туманларидаги 10 га яқин мактаблардаги ҳолат яқиндан ўрганилган. Озиқ-овқатлар етказиб берилиши жараёнида айрим бефарқликларга йўл қўйилаётгани аниқланган.

Фото: Senat.uz

Чимбой ва Кегейли туманларига маҳсулотлар кейтеринг ташкилоти томонидан йўловчи ташувчи “Дамас” автомашиналарида етказиб берилаётганлиги ҳолатлари кўзга ташланди. Кегейли туманидаги айрим мактабларда маҳсулотларни қабул қилиб олиш жараёнида эътиборсизликка йўл қўйилгани тасдиқланди. Мазкур мактаб директорлари сифатсиз маҳсулотларни қабул қилиб олгани учун санитария ва эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан жаримага тортилган”, — дейилади Сенат хабарида.

Фото: Senat.uz

Хоразм вилоятида 525 та мактабда 137 030 нафар ўқувчига бепул овқат берилмоқда. Вилоят халқ таълими бошқармасига 2022 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан овқатлантириш ҳаражатлари учун 47 млрд 869 млн сўм ажратилган. Ўрганишлар давомида Хоразм вилоятида ҳам камчиликлар кўзга ташланган.

Фото: Senat.uz

Жумладан, етказиб берилган маҳсулотларнинг таркиби ва сифати устидан назоратни таъминлаш мақсадида тузилган махсус комиссия вазифалари белгилаб берилмаган, маҳсулотлар сифатини назорат қилиш журнали юритилмаган, қадоғида ишлаб чиқариш муддати кўрсатилмаган маҳсулотлар қабул қилинган.