Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аёл ўзи ва уч фарзандининг жонига қасд қилгани кўпчиликни қайғуга солди. 27 ёшли аёл аввалига 5 ва 4 ёшли ўғилларини 9-қават деразасидан ташлаб, кейин ўзи ҳали бир ёшга тўлмаган қизалоғи билан бирга пастга сакраган, натижада уларнинг тўрталаси ҳам воқеа жойида ҳалок бўлганди.
Маълум бўлишича, марҳума аёл турмуш ўртоғи билан яшаб келган Тошкент вилояти Зангиота туманидаги икки қаватли уйда 2022 йил октябр ойида ёнғин содир бўлган. Бош прокуратура ахборотига кўра, шу ёнғин сабабли аёл уч фарзанди билан онасининг Сергели 8-мавзесида жойлашган 2 хонали уйига келиб, яшай бошлаган. “Ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган”, – дейилади прокуратура хабарида.



Интернетда уйга аёлнинг ўзи ўт қўйгани ҳақида миш-мишлар юрибди. Оила яшаб келган Зангиотадаги Назарбек маҳалласи раиси Абдубосит Йўлдошев биз билан суҳбатда буни инкор этмади.
“Бу хонадон маҳалла идораси ёнида жойлашган, жуда яхши биламанки, бирор марта мурожаат билан чиқишмаган. Ҳақиқатан ҳам анча аввал уйда ёнғин бўлди, 80 квадрат метрча жой зарар кўрди. Ёнғин хавфсизлиги ходимлари ёнғинни қисқа туташувдан чиққан деб баённома тузишди, мен маҳалла раиси сифатида имзо чекдим. Орадан 3-4 кун ўтиб усталар ишлаётганини кўрдим, биратўла уйни таъмирлашаётган экан”, – деди Абдубосит Йўлдошев.
Маҳалла раиси аёл ва 3 фарзанднинг Сергелида яшаб турганини уларнинг уйи ёнғиндан кейин таъмирга тушгани билан изоҳлади.
“Бу воқеани [Сергелидаги фожиа назарда тутилмоқда – таҳр.] эшитиб, хонадонга телефон қилсам, куёвнинг онаси йиғлаб гапирди. “Ўшанда уйни келинимиз ёққан, лекин учта набирам борлиги учун ўғлимни тинчлантириб, ҳеч кимга айтмагандик. Маҳаллада гап-сўз чиқиб, келини уйини ёққан дейишмасин, деганмиз. Оилани сақлаш учун сир тутган эдик”, деган гапларни айтди”,










