Ўзбекистон | 06:34 / 14.04.2023
108786
2 дақиқада ўқилади

Манбалар Шуҳратбек Абдураҳмонов ишдан олингани ҳақида хабар берди, маълумот тасдиқланмади

У Андижон вилоятига 10 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётганди.

Фото: Kun.uz

14 апрел куни қатор манбалар Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон вилояти ҳокими лавозимидан озод қилингани ҳақида хабар берди.

Манба вилоятнинг барча идора ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда Абдураҳмоновнинг ҳокимлик гувоҳномаси олингани ҳақида айтганди.

Шунингдек, Андижон вилоятига шу пайтгача вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Дилшодбек Каримов вақтинчалик раҳбар этиб тайинлангани маълум қилинди.

Абдураҳмоновнинг ишдан кетиши ижтимоий тармоқларда тарқалган, унга тегишли экани тахмин қилинган интим видео билан боғланди. Видеоёзувнинг бир қисми хиралашган, ҳокимнинг юзи энг охирида кўринган.

UPD: Бу маълумот тасдиқланмади. Айни вақтда вилоят ҳокими ўз вазифасини бажаришда давом этмоқда.

Маълумот учун, Шуҳратбек Абдураҳмонов айни вақтдаги вилоят ҳокимлари орасида энг узоқ вақт - 10 йил давомида бир вилоятга раҳбарлик қилиб турган ҳоким бўлиб турибди. У 2004 йилдан 2011 йилгача вилоятнинг Пахтаобод тумани ҳокими бўлган, 2011-2013 йилларда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

2013 йил 1 апрелида Андижон вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи вазифасига тайинланган, 2013 йил 26 апрел куни Халқ депутатлари Андижон вилоят сессиясида унинг номзоди вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг август ойида Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ҳам шаҳвоний видеотасвирлари интернетда тарқалиши ортидан ишдан олинган эди.

Д.Раҳматуллаев ишдан олинган сессияда Ш.Абдураҳмонов шундай деган эди: «Бу болани жуда кўп огоҳлантирганман. Қадамингни ўйлаб босгин деганман. Йўқ, ўз билганидан қолмади».

Д.Раҳматуллаев ўрнига тайинланган вилоят марказининг янги ҳокими Баҳром Ҳайдаров 2022 йилда давлат манфаатларига катта миқдорда зарар етказганликда айбланиб ушланган, сўнгра суд қилиниб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Мавзуга оид