Ўзбекистон | 11:27 / 11.05.2023
19911
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Ўзбекистон байроғи рангидаги лентани тақиб юрган йигитни қўлга олган ИИБ ходимларига хизмат текшируви тайинланди

Аввалроқ байроқ рангларидаги лентани тақиб юрган йигитга қарши очилган иш Бош прокуратура томонидан ноқонуний деб топилганди.

Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида Ўзбекистон байроғи рангидаги лентани тақиб юрган йигитни қўлга олган ИИБ ходимларига хизмат текшируви тайинланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангидаги тасмани тақиб юрган йигит билан боғлиқ ҳолат юзасидан ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш бўйича Қамаши тумани прокуратураси томонидан тақдимнома киритилган.

Ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Маълумот ўрнида, қонунга зид бўлган маъмурий қарор суд мажлисида кўриб чиқилгунга қадар бекор қилинган», дейилади хабарда.

Аввалроқ, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов адолат қарор топгани, бироқ қонун устуворлиги тўлиқ ва тенг таъминланиши кераклигини таъкидлаганди.

«Адолат қарор топди. Бироқ фуқарога ноқонуний талаб қўйган, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ва жавобгарликка тортиш учун судга юборган ИИБ ходимлари ҳамда ноқонуний қарор қабул қилган суднинг ҳаракатларига қандай баҳо берилгани масаласи мавҳумлигича қолмоқда. Бошқача айтганда, адолат қарор топди, бироқ қонун устуворлиги тўлақонли таъминландими деган савол очиқ қолмоқда», деб ёзганди у.

Маълумот учун ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Чим деҳқон бозорида елкасига давлат байроғи рангидаги тасма тақиб олган йигит ИИБ ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар тарқалди ва бу жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

2023 йил 5 май куни Қашқадарё вилояти ИИБ фуқаро Р.И. ушбу тасмани ечиб қўйиш бўйича профилактика инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмагани, ҳолат юзасидан фуқарога МЖтКнинг тегишли моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилгани ҳамда жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилгани ҳақида маълум қилди.

Кейинроқ эса маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қабул қилинган ноқонуний қарор Бош прокуратура аралашуви билан бекор қилинди, байроқ рангидаги тасма таққан йигитнинг ноқонуний жазоланиши бартараф этилди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид