Ўзбекистон | 18:45 / 25.06.2023
49716
17 дақиқада ўқилади

Эътироф этилган мигрантлар, Қўштепа каналига муносабат ва Навоийдаги камбэк — ҳафта дайжести

Президент ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг қаҳрамонлигини эътироф этди. Сув мавзуси кун тартибига чиқмоқда. Янгиҳаётнинг Янги Дархонидаги янги уйда лифт қулади. Миллиард сўмни талон-торож қилган амалдор лавозимига қайтди ва шов-шувдан кейин яна бўшатилди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Юқори қаватдан қулаган лифт

Душанба куни барчанинг эътибори Тошкентда янги қурилган кўп қаватли уйдаги лифт ҳалокатига қаратилди. Ўзбекистонда сифатсиз қурилишлардаги турли-туман нуқсонлар аллақачон янгилик бўлмай қолган, лекин яп-янги лифтнинг қулаб тушиши ҳали кузатилмаган эди.

Воқеа Янгиҳаёт тумани Янги Дархон маҳалласидаги 16 қаватли уйлардан бирида рўй берди. Янги уй ўтган ойда фойдаланишга топширилган, ундаги аҳоли учун мўлжалланган иккита лифт носоз ҳолатда бўлгани учун одамлар учинчи – юк ташувчи лифтдан фойдаланиб келган. Лекин юк ташийдиган лифт ҳам соз ҳолатда бўлмаган экан: қурилма якшанба куни кечқурун 16-қаватдан тушаётганида қулаб кетган, 1-қаватга яқинлашганда автоматик тормоз тизими ишга тушиб, тўхтаган.

Расмийларга кўра, лифтда 13 киши, жумладан 2 нафар ёш бола бўлган. Фалокат натижасида 6 кишининг ё оёғи, ё қўли синган, қолганлар бироз енгилроқ жароҳат олган.

Маълум бўлишича, кўп қаватли уйни “Land House” МЧЖ қурган. Қулаган лифт эса Туркияда ишлаб чиқарилган. Kun.uz суҳбатлашган аҳоли вакилларининг айтишича, бу лифт аввал ҳам 3-қаватдан тушиб кетган. Воқеа гувоҳлари лифтга “меъёрдан кўп одам чиққан” деган важ билан ишни ёпди-ёпди қилиш ҳаракати бўлаётганини айтди. Шу билан бирга, лифт 1 тоннагача юк кўтаришга мўлжаллангани инобатга олинса, икки боладан ташқари 11 нафар катталарнинг ҳаммаси вазни 85 килодан ошиқ одамлар бўлган тақдирда, 13 кишининг жами оғирлиги ҳақиқатан ҳам 1 тоннадан ошиши эҳтимоли йўқ эмас. Бошқа томондан эса, замонавий лифтлар оғирлик меъёрдан ошганида пастга ҳам, тепага ҳам ҳаракатланмаслиги ва махсус сигнал бериши керак.

Нима бўлганда ҳам, аввало лифтнинг ўзи носоз ҳолатда бўлганини Саноат хавфсизлиги инспекцияси тасдиқлади. Инспекция воқеадан кейин бутун Ўзбекистон бўйлаб кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг созлиги текшириб чиқилишини билдирди. Ҳолат юзасидан душанба куни терговга қадар текширув бошлаганини маълум қилган прокуратура текширув натижасини ҳозирча очиқламади.

Сайлов кампанияси

Президент Шавкат Мирзиеёв янги муддатга сайланиш учун сайловолди кампаниясини давом эттиряпти. Унинг бу ҳафтадаги нутқларида фуқароларнинг уч тоифаси – ўқитувчилар, ҳарбийлар ва муҳожирларни қўллаб-қувватлаш бўйича режалар алоҳида ўрин тутди.

Президентликка номзод ўқитувчиларнинг ойлиги 2030 йилгача 2 баробарга оширилишини айтди. Бу рақам, муаллимларнинг ҳозирги маоши миқдори нуқтайи назаридан камтарроқ кўринса-да, амалдаги иқтисодий сиёсат, давлат бюджети имкониятлари ва уни тақсимлашдаги приоритетлардан келиб чиқсак, реалликка анча яқин дейиш мумкин.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, муаллимларга кўп йиллик иш стажи учун устама тўлаш бошланади. Малака сертификатини олган педагогларнинг устамаси эса ҳозирги 40 фоиздан 70 фоизга оширилади. Мактаб ўқитувчиларининг ҳафталик иш юкламаси 2 соатга камайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев кўплаб чиқишларида ўқитувчилар нуфузини ошириш ва уларнинг моддий таъминотини яхшилашни устувор вазифа деб билишини таъкидлаган. Хусусан, давлат раҳбари 2021 йил 6 ноябр куни иккинчи президентлик муддатига киришиш вақтидаги инаугурация нутқида олий тоифали ўқитувчи ва шифокорларнинг маошини 5 йил ичида минг долларга етказиш чоралари кўрилишини маълум қилган.

Президентнинг янги сайловолди дастуридан мактаблар етишмовчилигини ҳал қилиш ҳам ўрин олган. Бунинг учун Мактаблар инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси очилади ва унга ҳар йили 1 миллиард доллардан маблағ ажратилади. Ҳар йили 500 мингта ўқувчи ўрни яратиш ҳисобига, 2030 йилгача мактабларнинг умумий сиғимини қўшимча 2,5 миллионта ўринга кенгайтириш кўзда тутилган.

Хусусий мактаблар сони ҳам бир неча баробарга кўпайиши айтиляпти. Боласини 1-синфга хусусий мактабга берган ота-оналарга 1 йил давомида ойлик тўловнинг 450 минг сўмлик қисми давлат томонидан компенсация қилиб берилади. Шу ва бошқа чоралар орқали мактабларда ўқувчилар сони 35 нафардан кўп бўлган бирорта синф қолмайди, деди Шавкат Мирзиёев. Маълумот учун, ҳозир Ўзбекистон бўйлаб 37 мингта синфда 35 нафардан кўп ўқувчи ўқияпти.

Давлат раҳбари контракт асосида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг маоши ҳам 2030 йилгача 2 баробарга оширилишини таъкидлади. 2023 йил охиригача ҳарбийлар учун 2 мингта, 2030 йилгача эса яна 20 мингта уй-жой қуриб берилади. 15 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун уй-жойга дастлабки бадалнинг 50 фоизини давлат ажратади. Пенсиядаги ҳарбийларнинг фарзандларига алоҳида квота доирасида олийгоҳга кириш учун имтиёзлар берилади. Оғир касалликка чалинган ҳарбийларнинг чет элда даволаниши учун пул ажратилади.

Хориждаги меҳнат муҳожирларига келсак, Шавкат Мирзиёев уларнинг қаҳрамонлигини эътироф этди. “Мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топиш осон эмас. Хорижда бундай шароитда яшаб келаётган одамларимизни ҳақиқий қаҳрамон десак тўғри бўлади. Чет элларда тажриба ва малака орттираётган ана шундай ватандошларимизга раҳмат айтишимиз керак”, деди президент.

Номзоднинг дастурига кўра, чет эллардаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятлари кўпайтирилади, эҳтиёжманд оилалардан бўлган мигрантларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳисобидан суғурта қилинади, консуллик ҳисобида туриш бадали бекор қилинади. АҚШ, Канада, Япония ва Европа давлатларига кетаётган юртдошларга йўл чиптаси ва ишчи виза олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Яна газ ҳақида

Энергетика вазирлиги Россиядан газ сотиб олиш бўйича ўтган ҳафта имзоланган шартномага изоҳ берди. Маълум бўлишича, шартнома 2 йилга тузилган бўлиб, унга асосан 1 октябрдан эътиборан Россиядан кунига 9 млн кубометр табиий газ импорт қилиш бошланади. Йиллик ҳажм эса қарийб 2,8 млн кубометрни ташкил этади.

Газ қанча нархдан сотиб олинишига аниқлик киритилмади. Расмий баёнотга кўра, газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган. Бу изоҳдан келиб чиқилса, қишга яқин ички истеъмолчилар учун газ нархлари кўтарилиши мумкин. Биринчи босқичда бизнес учун бозор нархига яқин нарх белгиланиши тахмин қилиняпти. Чунки бусиз Россиядан олинадиган газ учун тўлов қилишга бюджетда шунчаки пул етмаслиги мумкин.

Бундан ташқари, Россиядан газ импортини бошлаш учун инфратузилма яратишга ҳам озмунча харажат кетмайди. Хусусан, Ўзбекистонда 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади, 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунаси капитал таъмирланади, 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилиб, 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади. Энергетика вазирлиги бу ишларга қанча маблағ йўналтирилишини очиқламади.

2020 йилгача Россияга газ сотган Ўзбекистон энди бу мамлакатдан газ харид қилишни бошлаши асносида, мамлакатнинг ичида бир неча йил олдин бошланган газ ишлаб чиқаришнинг пасайиши бу йил ҳам давом этяпти. Шу ҳафта эълон қилинган расмий статистикага кўра, январ-май ойларида газ қазиб олиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга камайиб кетган. 2022 йилнинг худди шу давридаги камайиш эса 4 фоиз бўлганди. Бу дегани Ўзбекистонда газ қазиб олиш қисқариши икки баробарга тезлашган.

Сув мавзуси ҳам кун тартибида

Жуда кўп исроф қилинадиган ва ўғирланадиган яна бир табиий ресурс – сув мавзуси охирги ҳафталарда тез-тез расмийлар томонидан тилга олиняпти. Ўтган ҳафта иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев 2024 йилги давлат бюджетига сувни исроф қилишга қарши механизмлар киритилишини айтган эди. “Сувни сарфлаш маданияти, уни ўлчаш ва етказиб бериш бўйича жуда кескин таклифларимизни тайёрлаяпмиз”, деганди вазир Қонунчилик палатасидаги чиқишида.

Бу ҳафта сув мавзуси энди Сенатда ҳам кўтарилди. Сенат раиси Танзила Норбоева бу муаммога масъул шахсларнинг сукут сақлаётганини танқид қилиб, барча даражадаги раҳбатларнинг сув масаласидаги жавобгарлигини ошириш кераклигини айтди. Ялпи мажлисда чиқиш қилган сенатор Борий Алихоновнинг айтишича, Тошкент шаҳрида сув сарфи айрим пайтларда аҳоли жон бошига суткасига 400 литргача етяпти. Бу – дунё шаҳарлари кўрсаткичидан анча юқори. Масалан, аҳоли жон бошига суткалик сув сарфи Берлинда 124 литрни, Амстердамда 156 литрн, Лондонда 165 литр, Москвада 249 литр, Хитой шаҳарларида эса 204 литрни ташкил этади, деди сенатор.

Борий Алихонов биринчи ечим сифатида қишлоқ хўжалигида замонавий суғориш тизимларига тезроқ ўтиш кераклигини айтди. Чунки Ўзбекистондаги чучук сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлатилади. Дунёда эса бу кўрсаткич ўртача 65 фоизга тенг. Бундан ташқари, сенатор сувни тежаш бўйича тарғиботни кучайтириш ва бошқа таклифларни илгари сурди. Лекин иқтисодчилар “сувни тежанг” деган тарғиботлардан фойда бўлмагани ва бундан кейин ҳам бўлмаслиги, аҳоли ва тадбиркорларни сувни тежашга ундаш учун шунчаки унинг бозор нархини белгилаш кераклигини айтяпти.

Сешанба куни сув хўжалиги бўйича президент фармони ҳам қабул қилинди. Унга кўра, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига янги вазифалар юклатилиб, идоранинг номи Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси деб ўзгартирилди. Яъни энди бу орган сувдан фойдаланиш бўйича давлат назоратини олиб боради. Инспекция ходимларига фуқароларни сув истеъмолига доир ҳуқуқбузарликлар учун жаримага тортиш ваколати берилди. Шунингдек, бу орган эндиликда тадбиркорларнинг сувдан фойдаланиши бўйича ўтказадиган текширувларини “Ягона давлат назорати” тизимига киритиши ҳам шарт эмас. Фармонга кўра, 2030 йил охиригача туманларда сув ресурсларини бошқариш, фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш ҳамда сувнинг ҳисобини юритиш функцияси босқичма-босқич давлат-хусусий шерикликка ўтказилади.

Вазир – Қўштепа канали ҳақида

Афғонистоннинг шимолида толиблар қура бошлаган Қўштепа канали Марказий Осиё учун сув танқислиги муаммосини чигаллаштирган янги чақириқ бўлиб турибди. Бу йирик канал қуриб битказилса, Амударё сувининг 20 фоиздан 30 фоизгача қисми Афғонистон ичкарисига йўналтирилади. Бу эса Ўзбекистон ва Туркманистоннинг қатор вилоятлари учун жиддий оқибатлар яратади.

Ўтган йили бошланган канал қурилиши масаласига Ўзбекистон расмийлари шу ҳафта илк марта жамоатчиликка муносабат билдирди. 20 июн куни матбуот анжумани ўтказган сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Ўзбекистон делегациясининг 22 март куни Кобулга ташрифида бўлиб ўтган музокараларнинг айрим тафсилотларини очиқлади.

“Биз уларга: “Шу канални қураяпсизлар, биз пастда сувга қийналяпмиз, сизларга ўзимизнинг ташвишимизни билдиргани келдик”, – деб албатта айтдик. Улар: “Ташвишингизни тушунамиз, лекин бизни ўз вақтида инглизлар, СССР, кейин Америка босиб олган. Ҳамма бизга талон-торожлик орқали душманлик қилган. Ҳозир ҳам кўп давлатлар бизни тан олмайди, қийналяпмиз. Жуда катта маблағларимиз, ҳисобрақамларимиз музлатилган. Аммо халқимиз оч, биз ейишимиз керак, нимадир экишимиз лозим. Бунинг учун сув керак ва ҳоказо”, деб тушунтиришга ҳаракат қилишди”, – деди вазир.

Шавкат Ҳамроевнинг айтишича, Ўзбекистон томони толибларга канал лойиҳасида хато-камчиликлар кўплигини айтиб, уни биргаликда амалга оширишни таклиф қилган.

“Бизда ақлли лойиҳачилар, лойиҳа институтлари бор, биргаликда қилайлик, дедик. Канал лойиҳаси бўйича 6 та вариант қилинган. Ҳаммасини чуқур ўрганганман… Бир-биримизни дўстона халқлар, деб ҳисоблашимиз керак. Биз шундай ният қилдик: бу [канал] икки халқни уриштирадиган эмас, бирлаштирадиган дўстлик канали бўлиб қолади. Улар ниятимизга қўшилди. Биз ҳам ёрдам берамиз. Улар билан шундай келишганмизки, ишчи гуруҳ тузамиз”, – деди Сув хўжалиги вазирлиги раҳбари.

Вазир Ўзбекистон ҳукумати вакиллари яқинда яна Афғонистонга бориши, бу сафар делегация Қўштепа канали ва қурилиш жойларига ташриф буюриб, лойиҳачилар билан бирга ишлаши, Ўзбекистоннинг қаерда ва қандай ёрдам бериши шундан кейин аниқ бўлишини айтди.

“Улар сув олиши керак, барибир олади. Ёпасан, қилмайсан, деган гап йўқ бу ерда. Тарихан ва ҳозирги кунда ҳам сувнинг шаклланишига қараб, маълум бир миқдорда сув олиш ҳуқуқи бор. Шу ҳуқуқнинг чегарасини ҳам, бошқасини ҳам келишиб, ишчи гуруҳи иш олиб боради”, – деди Ҳамроев.

Мансаб, талон-торож ва яна мансаб

Навоий шаҳри ҳокими ва унинг ходими – ҳафта антиқаҳрамонлари. Ҳоким Муродхон Эгамқулов чоршанба куни имзолаган қарори билан Юсуф Турсуновни шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлади. Бу иши оммавий ахборот воситаларида ёйилиб кетиши ортидан, бир кун ўтиб уни ишдан бўшатди.

Гап шундаки, Юсуф Турсунов Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида аввал ҳам ишлаган ва коррупцияга қўл урган. 2021 йилдаги суд ҳукмида ёзилишича, у 1 млрд сўмдан ортиқ бюджет пулини талон-торож қилган. Суд Турсуновнинг 1,5 йилга мансаб лавозимларида ишлашини тақиқлаб, унга қарийб 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган. Ҳоким Эгамқулов эса суд ҳукми билан коррупцияда айбдор деб топилган шахсни яна қайтиб худди шу лавозимга тайинлагани жамоатчиликнинг катта эътирозларига сабаб бўлди. Ҳолатга вилоят ҳокимлиги аралашгач, Навоий шаҳар ҳокими Турсуновни ишдан бўшатиш ҳақида қарор чиқаришга мажбур бўлди.

Kun.uz бу амалдорнинг жинояти ҳақида икки йил олдин батафсил хабар берган эди. Ўшанда Навоий шаҳри ҳокими лавозимида бошқа шахс эди, лекин у ҳам жинояти исботланган Юсуф Турсуновнинг суд томонидан мансабдор бўлиши тақиқланганига қарамай, уни бошқарма бошлиғи лавозимидан бўшатмаган, бу ҳам етмагандек, ўз мансабини ноқонуний эгаллаб урган Турсуновга мукофот ажратган эди. Ўшанда Турсунов Kun.uz суриштирувидан кейин ишдан бўшатилганди.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, коррупцион жиноятда айбдор деб топилган шахсларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш тақиқланган. Яъни коррупцияга қўл урганлар аслида нафақат давлат амалдори бўлиши, ҳатто оддий ходим сифатида ҳам давлат ишига кириши мумкин эмас. Шунингдек, роппа-роса икки йил олдин имзоланган фармонга асосан, коррупционерларнинг очиқ реестри юритилиши ва бу реестрдаги шахсларга муайян чекловлар ўрнатилиши керак эди, лекин бундай реестр ҳалигача тузилмади. Эслатиб ўтамиз, шу фармонда белгиланган талаблардан яна бири – давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш масаласи ҳам анчадан бери ортга суриб келиняпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Сурхондарёнинг Бандихон тумани прокурори маҳалла раисларини ҳақорат қилди. Интернетда тарқалган аудиога кўра, Соатмурод Махманов уларни йиғилишда “хотинчалиш”, “итдан тарқаган” ва яна бошқа, шахсиятга дахлдор қўпол сўзлар билан сўккан. Маҳалла раислари солиқ тушумларини таъминламагани учун сўкиш эшитган. Бу ўринда солиқ ундириш на прокурорнинг, на маҳалла раисларининг вазифасига кирмаслигини инобатга олсак, тизимли муаммо кўлами анча каттароқлиги маълум бўлади. Бош прокуратура ҳолатни ўрганаётганини маълум қилганига 5 кун бўляпти – бирор янгилик йўқ.

20 июндан олий таълим муассасаларига қабул бошланди. Қабул квоталари эса ҳар йилгидек яна кечикяпти. Рўйхатга олиш бошланган пайтда фақат грант асосидаги квоталар маълум эди. Бу йил бакалавриатга ўтган йилгидан 10 фоизга кўп – салкам 35 минг талаба грант асосида қабул қилинади. 20 июнгача эълон қилиниши керак бўлган контракт квоталари, тиллар кесимидаги тақсимот ва мақсадли қабул параметрлари эса 24 июн ҳолатига ҳали ҳам номаълум. Эслатиб ўтамиз, ўқишга онлайн ариза топшириш 1 ой давом этади.

2023 йилнинг биринчи чорагидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир статистика очиқланди. Маълум бўлишича, бор-йўғи 3 ой ичида 1 миллион 422 мингдан ортиқ ўзбекистонлик маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу – Ўзбекистон аҳолисининг салкам 4 фоизига тенг. Табиий равишда ҳуқуқбузарликларнинг ярмидан кўпи йўллардаги қоидабузарликларга тааллуқли.

Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июн, чоршанба кунига тўғри келиши маълум бўлди. Олдинда Ўзбекистон аҳолисини байрам муносабати билан кетма-кет 5 кун – чоршанбадан душанбагача дам олиш кутяпти. Бугунги якшанбангиз ва келаётган ҳафтангиз мазмунли ва хайрли ўтишини тилаб қоламиз. Кириб келаётган Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин.

Мавзуга оид