Куни кеча 100 фоизлик улушига Тошкент шаҳар ҳокимлиги эгалик қиладиган “Yunusobod business city тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ходими 300 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ушланди.

Kun.uz мазкур иш ортидан пойтахт ҳокимлиги таъсис этган тадбиркорлик субъектлари билан қизиқиб кўрди.

Очиқ манбадаги маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўплаб корхоналарда улушдор. Улар орасида банк, маиший электр жиҳозлари, ҳатто заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам бор.

Сўнгги 5 йилда ҳокимлик таъсисчилигида 15дан ортиқ тижорий корхоналар ташкил этилган.

Жумладан, ҳокимлик 2018 йил 29 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилган “Poytaxt bank”АЖга 100 фоиз улуш билан эгалик қилади.

“Poytaxt bank”нинг асосий фаолияти Тошкент шаҳрида кўп қаватли турар жой биноларининг қурилиши билан боғлиқ жараёнларда юридик ва жисмоний шахсларга банк хизматларини кўрсатишдан иборат. 

2019 йил 19 августда давлат рўйхатидан ўтказилган “Gold Moon Tashkent” МЧЖнинг эгаси ҳам пойтахт ҳокимлиги ҳисобланади. Фаолият тури заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш бўлган корхонага Жасур Рузаев раҳбарлик қилади.

“Gold Moon Tashkent” МЧЖ томонидан Италия технологиялари асосида “Fonon” номида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи завод қурилган. Расмий сайтида таъкидланишича, компания ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб дўконлар тармоғига эга. “Интеллектуал мулк” тизимидаги маълумотларга кўра, Fonon савдо белгисини рўйхатдан ўтказишга “Technology Development” МЧЖ ариза берган. 2018 йил апрелда ташкил этилган бу корхонанинг электрон манзили 2021 йил ҳолатига @artelgroup.org доменида рўйхатдан ўтказилган эди