Фарғона шаҳрида такси ҳайдовчиси ва фуқаро ўртасидаги жанжал ортидан уч нафар ИИО ходими эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ИИО ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан тайинланган хизмат текшируви якунига кўра, ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармагани учун Фарғона вилояти ИИБ патрул-пост хизмати отряди сафдор ходимлари В.Н., Э.П ҳамда гуруҳ командири капитан З.О. эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.
Шунингдек, Жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патрул-пост хизмати батальон командири Ҳ.С.га нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланди.
Бундан олдинроқ ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳрида мижоз қўнғироғига жавоб бермаган Yandex ҳайдовчисининг машинасига ғишт отиб, шикастлагани акс этган видео тарқалганди. Воқеа жойида бўлиб турган ИИО ходимлари эса безорининг ҳаракатларини тўхтата олмаган.
Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳайдовчи ва машинасига ҳужум қилган шахс ушлангани ҳақида хабар берган.

















