Тошкентда янги қурилаётган кўпқават уйларда ҳали у, ҳали бу шаклдаги муаммоларнинг охири кўринмаяпти. Шаҳарсоз Темур Аҳмедовнинг Kun.uz'га айтишича, бу муаммолар шаҳар бош режасининг йўқлиги ва назорат механизмлари ишламаётгани билан боғлиқ. Давлат назоратни таъминлолмаётган пайтда харидорларнинг ўзи ташаббусни қўлига олиши керак, дейди у.

Охирги вақтларда Ўзбекистон пойтахтида янги кўп қаватли уй-жойлар билан боғлиқ муаммолар кўпайди. Мирзо Улуғбек туманидаги янги уйнинг деворлари ёрилиб, авария ҳолатига келиб қолгани, Яшнободда олдиндан тўлов қилган ва 300 млрд сўм зарар кўрган харидорлар, Яккасаройда қурилиши чўзилаётган яна бир “новостройка” ва ўтган ҳафтада яп-янги уйдаги лифтдан жасади топилган почтачи аёл. Хўш, нима сабаб бундай муаммолар юзага келмоқда?

Янги уйлар қурилиш ва шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқ барпо қилиняптими? Харидорлар нима сабаб куйиб қолишяпти? Kun.uz мухбири мавзу атрофидаги саволларни халқаро тоифадаги шаҳарсоз Темур Аҳмедовга берди.

– Дастлаб риторикдек туюлса-да, сўнгги вақтларда нима сабаб айнан эски эмас, янги турар жой мажмуалари билан муаммо юзага келаётгани ҳақида сўрамоқчиман. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз? Ваҳоланки, пойтахтда иккиламчи бозордан хонадон олаётган юртдошларимиз ҳам талайгина.

– Ўзбекистонда яшаётганимга салкам 3,5 йил бўлиб қолди, шу сабабли асосан мана шу вақт давомида кўриб кузатганларим ҳамда АҚШда орттирган тажрибам асосида саволларингизга жавоб бераман. Яқинда таксида кетаётганимда бир ҳайдовчи йигит “квартира” олиш учун пул йиғиб қўйганини, шаҳарсоз эканимни билгач, бу борада унга қандай тавсия бера олишимни сўради. Шунда мен янги турар жойлардан “квартира” олишни маслаҳат бера олмаслигимни, эски уй-жойларнинг хонадонлари анча чидамли эканини айтдим. Харидор қурувчи компанияни яхши билмаса, қурилиш давомида жараённи ўз кўзи билан кўрмаса, қурилишни текшираётган одамларга ишонч йўқ. Шунинг учун ҳам “новостройка”лардан уй олишни тавсия бермаслигимни айтдим.