7 август куни “Ташаббусли бюджет”нинг 2023 йил 2-мавсумига лойиҳалар киритиш босқичи якунланди. Бу босқич 17 июлда бошланганди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, бу мавсум доирасида республика бўйлаб 9 426 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ жами 49 464 та лойиҳа илгари сурилган.

Келиб тушган лойиҳалар ҳар бир туман (шаҳар) ҳокимликлари қошида ташкил этилган ишчи комиссиялар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда 20 кун давомида саралаб олинади.

Саралашдан ўтган лойиҳалар 27 августдан бошлаб овозга қўйилади. Ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштиришга туман (шаҳар) бюджетларидан жами 1 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Таклифларнинг 15 140 таси (31%) ички йўлларни таъмирлашга оид. 14 835 та таклиф (30%) маҳалла ҳудудини ободонлаштириш тадбирларига қаратилган. Мактаблар бўйича 6820 та (14%), боғчалар бўйича 3024 та (6%), тиббиёт муассасалари бўйича 3100 та (6%) таклиф келиб тушган. Маълумот учун, 2023 йил 1-мавсумда энг кўп мактабларга оид лойиҳалар ғолиб бўлганди.

Ташаббус билдириш бўйича Сурхондарё вилояти бошқа ҳудудлардан яққол ажралиб турибди. Вилоятдаги 238 та маҳалладан жами 12 279 та таклиф келиб тушган. Бу – жами ташаббусларнинг 25 фоизига тенг. Таққослаш учун, бу борада 2-юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига тегишли бўлиб, пойтахтликлар порталга 4020 та таклиф киритишган.

Сурхондарёликлар доимий равишда таклиф киритиш бўйича 1-ўринни эгаллаб келмоқда. 2022 йилги 2-мавсумда вилоят аҳолиси 13 691 та (жами ташаббусларнинг 22 фоизи), 2023 йилги 1-мавсумда 9593 та (17 фоиз) ташаббусни илгари сурганди.