Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

ЎРВИ тарқалиши кескин кўпайиб, тиббиёт тизимига юкламани оширди

Ноябр ойи бошидан бери Ўзбекистон бўйлаб грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайгани кузатиляпти. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, энг кўп касалланиш ҳолатлари болалар орасида ва Тошкент шаҳрида кузатиляпти. Вазирлик пойтахтдаги болалар шифохоналарига юклама ортиб кетганини тасдиқлади. Айни пайтда шифохоналарда жой қолмагани, тез ёрдам 2 соатгача кечикиб етиб келаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Пайшанба куни соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бу масалада йиғилиш ўтказди. Унда Зангиота-1 юқумли касалликлар шифохонасида ЎРВИга чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш, тез ёрдам чақирувларига захирадаги 40 та автомашинани ажратиш, амбулатор даволаниши мумкин бўлган беморларга уйга жавоб берган ҳолда уларнинг соғлигини кузатувга олиш каби чоралар белгиланди.

Ҳафта давомида Хитойда болалар орасида пневмонияга чалиниш ҳолатлари кескин кўпайиб кетгани ва бу янги вирус билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ҳам хавотирларга сабаб бўлди. Мамлакат шимолидаги бир нечта шаҳарларда болалар касалхоналари тўлиб кетган. Хитой расмийлари бу ҳолатни об-ҳавонинг совиб кетиши ва COVID-19 бўйича чекловлар олиб ташланиши билан изоҳлади. Расмий Пекин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўровига жавоб бериб, эпидемияга аллақандай янги сирли вирус сабаб бўлаётгани ҳақидаги тахминларни рад этди.

Бу хабарлар фонида Наманганда қизамиқ билан касалланиш ўчоғи пайдо бўлгани маълум бўлди. Санэпидқўм хабарига кўра, йил бошидан буён вилоятда қизамиқ билан касалланиш бўйича 735 та ҳолат қайд этилган. Ҳозирда уч ёшгача бўлган 255 нафар бола даволанмоқда. Таққослаш учун, 2022 йил давомида бутун республика бўйлаб қизамиққа чалиниш бўйича атиги 8 та ҳолат қайд этилган. Расмийлар вилоятда диагностикум, реагент ва вакциналарнинг захираси етарли миқдорда эканини маълум қилди.