Собиқ бош прокурорнинг ўғли Дубайда миллионер экани маълум бўлди. Бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқ катталашяпти. ХВЖ ҳукуматдан амалдорлар қачон мол-мулклари ҳақида ҳисоб беришини сўради. Айрим ташқи кучлар Марказий Осиё давлатларини бир-бирига қарши гижгижлаяпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Иқтисодий тенгсизлик ортиб бормоқда

Ўзбекистон аҳолиси орасида даромадлар бўйича табақаланиш даражаси ортиб боряпти. Оддийроқ айтганда, бойлар ва камбағалларнинг топиш-тутиши ўртасидаги фарқ катталашяпти. Бу ҳолатга Жаҳон банки экспертлари Ўзбекистондаги камбағаллик даражасига доир шарҳида эътибор қаратди.

Ташкилотнинг қайд этишича, Ўзбекистонда 2015–2022 йилларда халқаро стандартлар асосида ўлчанган камбағаллик даражаси 2 баробарга қисқариб, 36 фоиздан 17 фоизга тушган. Бу – минтақадаги энг яхши кўрсаткичлардан бири. Лекин, бошқа тарафдан, охирги пайтларда даромадларнинг ўсиши асосан бадавлат қатламга мансуб кишилар орасида юз беряпти. Рақамларга қараганда, 2022-2023 йилларда аҳолининг энг бадавлат 10 фоизлик қисмининг даромади 30 фоиздан кўпроққа ошган, энг камбағал 10 фоизлик қатламнинг даромади эса атиги 6 фоизга ўсган. Халқаро экспертларнинг айтишича, бундай иқтисодий тенгсизликнинг чуқурлашиши оқибатида мамлакатда камбағалликни қисқартириш қийинлашиб боряпти.

Иқтисодий тенгсизлик ортаётганини ҳукуматнинг расмий статистикаси ҳам тасдиқлайди. Масалан, 2020 йилда Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятидаги ўртача ойлик маошлар ўртасида фарқ 74 фоиз бўлган бўлса, ҳозир бу салкам 2,5 баробарга етган. Соҳалар кесимида эса, 2019-2023 йиллар оралиғида таълим ва тиббиётдаги ойлик маошлар молия соҳасидаги ойлик маошларга қараганда 2,5 баробарга секинроқ ўсган.

Иқтисодий тенгсизликни кучайтирадиган омиллардан бири – инфляция. Шу ҳафта Марказий банк эълон қилган сўров натижаларига кўра, апрел ойида аҳолига сезилган йиллик инфляция даражаси 13,7 фоиз, Тошкентда эса 17,4 фоиз бўлган. Пойтахтда яшовчи ҳар учта респондентдан бирининг фикрича, охирги бир йилда нарх-наволар 21 фоиздан кўпроққа ошган.

Сўровда кўплаб ўзбекистонликлар айниқса даволаниш харажатлари ошганини айтган. Бу – 1 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббий хизматлар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз