Ўзбекистон, Туркия ва Озарбойжон суверенитетга бўлган таҳдидларга биргаликда қарши туришини эълон қилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун яна бир соҳада импортга бож киритиляпти. Қуёш панеллари бўйича “тажриба тўплаган” прокуратура органлари бу йил юз минглаб уйларга панел ўрнатишга бош-қош бўлади. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – одатдагидек Kun.uz дайжестида.

Озарбойжон ва Туркия билан алоқалар қалинлашмоқда

Ўзбекистон яна бир иттифоқчиси – Озарбойжон билан ҳам ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласини муҳокама қиляпти. Куни кеча икки давлат расмийлари бу борада онлайн учрашув ташкил этди. Агар музокаралар муваффақиятли якун топса, ватандошлар хорижга чиқиш паспортини олмасдан, агар паспорти бўлса ҳам, ундан фойдаланмасдан, ID-карта орқали ўзаро борди-келди қилиши мумкин бўлади.

Бундай тартиб 2023 йилдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида амал қилиб келяпти. Ўтган йили Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам шундай келишувга эришиш режалаштирилгани эълон қилинган. Келгусида бу масала Туркия билан ҳам кун тартибига чиқиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин: турк қардошлар аллақачон Озарбойжон, Гуржистон ва Украина билан ID-карта режимига ўтишган.

Чоршанба куни Анқарада Ўзбекистон–Озарбойжон–Туркия уч томонлама мулоқот форматининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда учта туркий давлатнинг ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирлари иштирок этиб, ўзаро савдо-сотиқни соддалаштириш, Европа ва Хитой ўртасидаги Ўрта коридор салоҳиятини рўёбга чиқариш каби масалаларни муҳокама қилди. Йиғилиш якунида қабул қилинган Анқара декларациясида ёзилишича