Қозоғистон Транспорт вазирлиги Оқтов аэропорти яқинида ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines (AZAL) бортининг қулашига оид дастлабки ҳисоботни эълон қилди.

Ҳужжат 53 варақдан иборат. Унда Embraer 190 самолёти иштирокида 25 декабрда содир бўлган авиаҳалокат терговининг дастлабки натижалари келтирилган. Борт Бокудан Грознийга учаётган бўлган.

«Ушбу ҳисоботда келтирилган маълумотлар дастлабки бўлиб, тадқиқот натижалари ва барча материалларни ўрганиш асосида тўлдирилиши ҳамда қўшимчалар киритилиши мумкин. Ишлар якунлангандан кейин авиация ҳодисасининг тегов натижалари бўйича якуний ҳисобот тайёрланади», — дейилади ҳужжатда.

Ҳисоботда қайд этилишича, комиссия самолёт конструкцияларига етказилган зарарни батафсил текширишни давом эттирмоқда.

«Сақланиб қолган қисмларни дастлабки кўздан кечиришлар давомида фюзеляжнинг қуйруқ қисми, кил ва стабилизатори, баландлик ва йўналиш рулларида турли ўлчам ҳамда шаклдаги шикастланиш ҳолатлари аниқланди. Ҳаво кемасининг чап двигатели ва чап қанотида, шунингдек, агрегатлар ва компотентларида ҳам шу каби шикастлар қайд этилган. Айрим жойлардаги шикастланишлар тўғри тўртбурчак шаклига эга», — дейилади ҳисоботда.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги

Комиссия гидравлик тизимга ҳам шикаст етганини аниқлаган ва бу ташқи объект таъсирида юзага келган бўлиши мумкин. Ҳисоботда, шунингдек, учувчиларнинг диспетчерлар билан суҳбати, аэропортлар ва об-ҳаво маълумотлари келтирилган.