Ички ишлар вазирлиги ҳайдовчилар учун жарима балларига оид тартибнинг энг муҳим қисмини чопиб ташлади. Сурхондарёдаги мудҳиш қотиллик тергови доирасида, ИИБдан яна бир фуқаронинг ўлиги чиқди. Ўзбекистондаги энг оммабоп мобил илова тақиқланиши мумкин. Айрим ҳужжатларнинг чиройли серия рақамлари сотувга қўйилади. Ортда қолаётган ҳафтанинг асосий хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Ашаддий қоидабузарлар кўчасида яна байрам

Ўтган ҳафта жарима баллари ҳақидаги қонунни назарда тутиб, дайжестимизга “қоидабузарларни тиядиган қонун” деб сарлавҳа қўйганимизда бироз соддалик қилган эканмиз. Энди ҳайдовчилар хоҳлаганича қоидани бузолмайди деб ўйлаб, чучварани хом санабмиз. Бу қонунни нақ 7 йил чўзиб юришни эплаган соҳа раҳбарлари, унинг ижроси бўйича ҳам бирор лазейка ўйлаб қўйган бўлиши мумкинлигини инобатга олишимиз керак эди.

Хуллас, жарима баллари ҳақидаги қонун ўпкасини босиб ололмайдиган ашаддий қоидабузарларни тиймаслиги маълум бўлди. Қоидаларга тупуриб, юзлаб жарима қоғозларини коллекция қиладиганлар бехавотир, келган жойидан давом этаверишса бўлади. “Пулини тўла, хоҳлаганингча тезликни ошир” режими ўз кучида қолади. Қанақасига дейсизми? Мана бунақасига:

Халқимизнинг таклифлари, ижтимоий ҳолатини инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида белгилаб ўтилди: фақат ЙПХ инспектори томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома асосида балл тизими юритилади”.

Бундан келиб чиқадики, камералар ва радарлар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима балли ҳисобланмайди. Энг кўп содир этиладиган ва қонли ҳодисаларга олиб келадиган тезликни ошириш қоидабузарлиги асосан камера/радарлар орқали аниқланишини ҳисобга олсак, жарима баллари аварияларни камайтириш, йўлларни тартибга келтириш борасида кескин ижобий ўзгаришга сабаб бўлолмаслиги аниқ. “Жарима баллини фақат ЙПХ инспектори беради” деган қоида, бу тизимнинг самарадорлигини инсон омилига боғлаб қўяди: 12 баллик лимитга яқинлашиб қолган ҳайдовчи инспектор рад этиши қийин бўлган суммани таклиф қилиши, эвазига инспектор балл берилмайдиган қоидабузарликни ёзиб баённома тузиши ёки умуман потенциал қотилни жаримасиз қўйиб юбориши эҳтимоли ортади.