Ҳайдовчиларга қоидабузарлик учун жарима балли белгилаш ҳақидаги қонун кучга кирди. Тошкентда ўнлаб дарахтлар кесилди, Фарғонада юзлаб, Бухорода эса минглаб дарахтлар кўчириб ўтказилмоқда. Колонияларда уч кун ичида иккита маҳкум вафот этди. Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига узоғи 1 йил қолгани айтиляпти. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Чексиз қоидабузарлик “ҳуқуқи” бекор қилинмоқда

Ҳайдовчиларга қоидабузарлиги учун жарима балли ҳисоблаш кўзда тутилган қонун ниҳоят, 21 февралдан эътиборан кучга кирди. Унга кўра, 13 турдаги қоидабузарликлар учун максимал 2 баллгача бўлган жарима баллари ҳисоблаб борилади. Бир ой ичида ҳукумат қарори қабул қилиниб, қайси қоидабузарлик учун қанча балл берилишига аниқлик киритилиши керак.

Ҳар бир баллнинг амал қилиш муддати – 1 йил. Қоидабузарнинг “жамғармаси” 12 баллга етганда, у ҳайдовчилик гувоҳномасидан камида 6 ойга маҳрум этилади. Белгиланган муддат ўтгач, фуқаро гувоҳномасини қайтариб олиш учун имтиҳон топширишига тўғри келади. Автомобил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс, маъмурий жазо қўлланганидан кейин яна рулга ўтирса, энди жиноий жавобгарликка тортилади.

Қонун билан, маъмурий кодексга “йўл безорилиги” деган янги модда киритиляпти. Йўл безорилиги деганда, ҳайдовчининг бошқа ҳайдовчилар ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиши, автомобилни сабабсиз сирпантириши (яъни дрифт қилиши), ҳаракатланиш бўлагини сабабсиз уч ва ундан ортиқ марта кескин ўзгартириши, умуман, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик ва уларга ҳурматсизлик деб баҳоланадиган ҳар қандай ҳаракатлар тушунилади. Бунинг учун белгиланган жазо анчагина қатъий: йўлда безорилик қилган ҳайдовчилар биринчи мартасидаёқ камида 1 йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилади ва БҲМнинг 25 баробари миқдорида жаримага тортилади.

Гувоҳнома олиб қўйиладиган қоидабузарликлар қаторига яна бир модда қўшилмоқда. Агар ҳайдовчи ички ишлар органи ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабларини кетма-кет бир неча марта узрли сабабларсиз бажармаса, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилга маҳрум этилиб, БҲМнинг 30 баробари миқдорида жаримага тортилади.

Бундан ташқари, қонундан орган ходимларининг тасвирларига оид ўша машҳур модда ҳам ўрин олган. Демак, расман кучга кирган қонун талаби қуйидагича: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото ёки видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш – БҲМнинг 20 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади. Эслатиб ўтамиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қаторига суд, прокуратура, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати, адлия ва божхона органлари киради.