Боғча болаларининг калтакланиши ёки мунтазам тазйиққа учраши уларда руҳий жароҳатлар қолдириб, кейинчалик шахсий ва касбий ҳаётига салбий таъсир қилади. Мактабгача таълимда зўравонлик камайиши учун кадрлар тайёрлаш тизими ўзгариши, тарбиячи бўлиш охирги чора эмас, жозибадор касбга айланиши учун мутаносиб моддий рағбатлар бўлиши керак, дейди таълим соҳаси эксперти Шокир Турсун.
Тарбиячининг қўпол муносабати сабаб боғча боласининг оёғи синди, стулга скотчлаб қўйилди, камера йўқ жойда ёки камера бўлиб, шиппак билан калтакланди. Сўнгги 2 ойда боғчаларда, айниқса нодавлат боғчаларда болаларнинг зўравонликка учраши тез-тез кўзга ташланмоқда.
Хўш, бунга сабаблар нимада? Ота-оналар фарзанди учун боғчани қандай танлаши керак? Kun.uz мухбири бу мавзуда таълим эксперти Шокир Турсун билан суҳбатлашди.
– Боғчаларда болаларга зўравонлик қилингани ҳақидаги хабарларни ўқиганингизда нималарни ўйлайсиз, дастлаб бу каби ҳолатларга ўз муносабатингизни айтиб ўтсангиз.
– Мен бундай хабарларга биринчи навбатда ота-она сифатида қарайман. Гарчи ҳали фарзандимиз бўлмаса-да, турмуш ўртоғим билан ҳозирдан боғчаларни танлаб, уларни кузатиб юрамиз. Шундай хабарлар кўпайгани сари бизнинг юрагимизни ваҳима босади. “Эртага биз нима қиламиз? Боламизни боғчага бермаймизми ёки? Уни боғчага бермасак, нима бўлади? Бермоқчи бўлсак, бундай боғчаларга, тарбиячиларнинг, мудираларнинг қўлига қандай берамиз?” деган ўйлар пайдо бўлади.
Менимча, бунақа ўй бизга ўхшаган ҳаммани босса керак. Ҳаттоки, фарзанди боғчага бораётганлар кўпроқ хавотир олади. “Менинг болам билан шундай бўлмаётганмикан, ёлғон гапиришмасмикан?” деган ўй босади. Бу қандайдир ортиқча босимни пайдо қилади. Ўзи жамиятимиз ҳар томондан босимларга тўла, бундай ҳолатларнинг кўпайиши ёш боласи бор ота-оналарга янада босим бўлади.
















