Ўзбекистон ва Франция муносабатлари стратегик шериклик даражасига чиқди. Қирғизистон ва Тожикистон чегара масаласида келишиб олди. Болалар тагликлари учун мажбурий сертификат киритилгани импортни қийинлаштириб, нархларни оширяпти. Божхоначилар эҳтиёт қисмлардан тайёр машина йиғиш жараёнини кўрсатиб берди. Амалдорлар Mercedes-Benz'лардан воз кечмоқда. Kun.uz'да – Ўзбекистон ҳафтаномаси.

Франция – стратегик шеригимиз

Дунёнинг еттинчи энг йирик иқтисодиёти, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, қайноқ демократия ва жўшқин либерализм бешикларидан бири бўлмиш Франция Республикаси – энди стратегик шеригимиз. Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи вақтида бу ҳақдаги декларация қабул қилинди.

36 та банддан иборат ҳужжатда кўплаб йўналишларда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳақида сўз боради. Мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик қилиш, хавфсизликка доир ва ҳарбий-сиёсий мазмундаги стратегик мулоқотлар, энергетика ва фойдали қазилмалар каби йўналишлар шулар жумласидан. Ҳужжатда томонлар дезинформацияга қарши туриш мақсадида сўз эркинлигига содиқ қолишини тасдиқлаган.

Елисей саройидаги юзма-юз музокаралар ва ҳужжатларни имзолаш тадбирларидан кейин, Франция президенти Эммануэл Макрон ўзбекистонлик ҳамкасбини Фахрий легион ордени билан мукофотлади. Оқшомда эса томонлар мулоқотни дастурхон атрофида давом эттиришди. Унда мезбон мамлакат раҳбари меҳмонларга ўзбек тилида мулозамат кўрсатди: “Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция! Яшасин Франция–Ўзбекистон дўстлиги!” – деди у қабул маросимидаги нутқида.