ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати 1 майдан ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими жорий этилиши ҳақидаги хабарни рад этди.

«Жарима баллари 1 май кунидан бошлаб кучга кирмайди. Жарима балларини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат белгиланган тартибда ишлаб чиқилмоқда.

Шу боис, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан сўнг, йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун бериладиган жарима балларининг ҳисобланиш муддати ва тартиби аниқ белгиланади», дейилади ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошевнинг баёнотида.

2025 йил 20 февралда имзоланган қонунга мувофиқ, йўллардаги қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисоблаб борилиши белгиланган. Қонунда бу механизмнинг аниқ тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилаши ёзилган.

20 март куни Ички ишлар вазирлиги ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙҲХХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар асосида ҳисобланади. Жарима баллари «E-jarimaball» модули орқали, инсон омилисиз, автоматлаштирилган тартибда ҳисоблаб борилади.

Лойиҳага кўра, қоидабузарликлар учун қуйидагича жарима баллари бўлиши белгиланган:

  • ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши – 0,5 балл;
  • фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш – 1 балл;
  • кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш – 0,5 балл;
  • – худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – 1 балл;