Тошкентдаги чорраҳалар «Яшил тўлқин» тизими орқали тартибга солинади. Россияда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасади ватанга қайтарилди. Сурхондарё ҳокими транспорт соҳасидаги муаммолар ва коррупция ҳолатлари ҳақида гапирди. Тошкентда ҳаддидан ошган мотоциклчилар жазоланди. Ҳокимликларда коррупцион жиноятлар кескин кўпайгани маълум бўлди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Тошкентдаги чорраҳалар «Яшил тўлқин» тизимига уланади
Тошкентда транспорт ҳаракатини яхшилаш мақсадида чорраҳалардаги светофорлар босқичма-босқич ягона «Яшил тўлқин» тизимига уланади. Дастлаб Фитрат ва Ҳайдар Алиев кўчалари кесишмасида светофор иш режими қайта созланиб, чорраҳадан ўтиш вақти 2 дақиқагача қисқарди.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари чорраҳадаги вазиятни кузатишда давом этмоқда. Шунингдек, эрталабки ва кечки тиғиз вақтлар учун светофорнинг алоҳида иш режимларини жорий этиш режалаштирилган.
Кейинги босқичда қўшни чорраҳалардаги светофорлар ҳам қайта созланиб, улар ягона «Яшил тўлқин» тизимига уланади. Ушбу тизим рухсат этилган тезликда ҳаракатланаётган автомобилларга бир нечта чорраҳадан кетма-кет яшил чироқда ўтиш имконини бериши кутилмоқда. Бу транспорт воситаларининг ортиқча тўхташини камайтириш ва йўллардаги ҳаракатни янада равонлаштиришга хизмат қилади.
Россияда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасади ватанга қайтарилди
Украина дронларининг 10 август кунги Нижнекамск шаҳрига уюштирган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 8 нафар ўзбекистонликнинг жасади 12 август куни ватанга келтирилди. Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, бунинг учун Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучлари самолёти махсус рейсни амалга оширди.
Ўзбекистонликлар 10 август куни Нижнекамск шаҳрига Украина томонидан уюштирилган дрон ҳужумлари вақтида ҳалок бўлган эди. Улар қурилиш соҳасида ишлаган. Уларнинг жасади қайтарилишидан олдин Нижнекамск масжидларидан бирида жаноза намози ўқилди.
Қурбонлардан ташқари, яна бир неча ўзбекистонликлар турли даражада тан жароҳатлари билан шифохонада қолмоқда.






