Аномал ёмғирлар, доллар курси ва Украинанинг яхлитлигини қўллаган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
Украина бўйича позициясини тўла очиқлаган Ўзбекистон, икки ҳафталик узлуксиз ёғингарчилик, ошаётган доллар курси, ҳайдовчилик гувоҳномаси атрофидаги ажиотаж ва таксичиларга яна бир мажбурий суғурта. Kun.uz якунланаётган ҳафтанинг асосий воқеалари дайжестини тақдим этади.
Аномал узоқ ёғингарчилик
2021 йил ўта совуқ қаҳратон қиш, рекорд даражадаги иссиқ ёз ва кутилмаган қум бўрони билан ёдда қолган эди. 2022 йилда ҳам глобал иқлим ўзгаришининг Ўзбекистонга навбатдаги таъсири ўзини узоқ куттирмади.
Бутун ҳафта давомида тинимсиз ёғингарчиликлар, тошқинлар ва селлар давом этди. “Ўзгидромет” хабарига кўра, бу йил Ўзбекистонда март ойи учун илгари кузатилмаган даражада ёмғир ёғган.
5 мартдан бошланган ёғингарчилик аномал равишда 18 мартгача деярли тўхтовсиз давом этди. Мутахассисларнинг айтишича, баҳор бошлангандан бери республиканинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида ёғингарчилик одатдагидан 2-3 баробарга кўп бўлган. Тошкентда икки ҳафта ичида деярли 2 ойлик миқдорда ёғингарчилик кузатилган.
Тоғли ҳудудларда бир неча бор сел ва кўчки хавфи эълон қилиниб, улар амалда рўй бериши талафотларга олиб келди. Самарқанднинг Булунғур туманида М-39 трассасининг бир қисми сел остида қолди. Сирдарёнинг Бахт шаҳрида уйлар ва экин майдонларини сув босиши натижасида аҳолини вақтинча кўчиришга тўғри келди.
Шаҳарсозликнинг элементар қоидалари унутилиб кетаётгандек таассурот уйғотадиган, ҳатто 1-2 кунлик ёмғирлар ҳам муаммо келтириб чиқарадиган катта шаҳарларимиз учун бунақа аномал ёғингарчилик ҳақиқий бошоғриқ бўлди. Тошкент, Самарқанд, Андижон ва бошқа кўплаб шаҳарларда кўчалар сувга тўлди. Андижон шаҳрида қутқарувчилар учта кўчанинг ўртасидан ариқ кавлаб, сув оқимини буришга ҳаракат қилишди, аҳоли уйлари эса қум тўлдирилган қоплар ёрдамида ҳимоя қилинди. Қатор объектларнинг ертўлаларини сув босди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмига келиб ҳаво ҳарорати пасайди; нафақат тоғли туманларда, балки Тошкент, Самарқанд ва Навоий каби шаҳарларда қор ёғди. Ўзи умуман, Наврўз арафасида қор ёғиши борган сари одатий тусга киряпти.
Афсуски, ана шу совуқда ёш қизчаларнинг яна юпун кийимда очиқ ҳавода рақс туширилиши, бу вақтда бошқалар қалин кийимда иссиқ чой ичиб ўтириши – ҳақиқий шармандалик. Бу иллат ҳақида бир неча йилдан бери гапирилади, лекин бола ҳуқуқларининг бузилишини кўриб туриб индамайдиган юқоридаги масъулларда виждон бўлмаса, хўжакўрсинга ўрганган қуйидаги раҳбарларда эса фаҳм-фаросат бўлмаса, қийин экан.
Россиядаги инқирознинг Ўзбекистонга таъсири сезила бошлади
Ҳафта давомида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири – доллар курси. Украинадаги уруш ва Россия иқтисодиётида бошланаётган инқирознинг билвосита таъсири Ўзбекистонга ҳам сезила бошлади. Пайшанба куни 1 АҚШ долларининг нархи банкларда 11630 сўмгача чиқди. Жума куни эса курс бир неча кунлик тўхтовсиз ошишдан кейин 11570 сўмгача пасайди.
Умуман, йил бошидан бери сўм долларга нисбатан қарийб 7 фоиз қийматини йўқотди. Таққослаш учун, бутун 2021 йил давомида бу кўрсаткич 3,4 фоиз бўлганди. Марказий банк бунга жавобан асосий ставкани бирданига уч фоизга – 14 фоиздан 17 фоизга кўтарди. Регулятор раҳбари асосий масала валюта курси эмас, инфляция эканини таъкидлади.
Бироқ инфляцияни жиловлаш масаласи қийинлашиб боряпти. 2017 йилдан янги даврга кирган Ўзбекистон иқтисодиёти охирги уч йилда икки марта жиддий ташқи шокларга дуч келди. Аввалига коронавирус, энди Украинадаги уруш. Марказий банк расмий баёнотида урушнинг Ўзбекистонга қисқа муддатли таъсири қуйидагича тушунтирилган: экспортдан тушумлар ва пул ўтказмалари камаяди, бунинг натижасида ички валюта бозорида таклиф қисқаради, импорт товарлар нархи ошади, бу ўз навбатида импорт қилинмайдиган товарлар нархига ҳам таъсир қилади.
Россиянинг буғдой ва шакар экспортига тақиқ қўйгани, расмийларнинг ишонтиришича, Ўзбекистонга таъсир қилмайди. Бу икки маҳсулотнинг Ўзбекистонга импортида Россиянинг улуши анча паст. Бироқ умуман олганда, Ўзбекистон импорт қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг 27 фоизи Россиядан олиб келинади. Россиядаги инқироз таъминотнинг қисқариши ва қимматлашишига олиб келишини инкор қилиб бўлмайди. Бу эса асосий харажати озиқ-овқатга кетадиган аҳолига энг кўп сезилади.
Молия вазирлиги шу ҳафта берган маълумотга кўра, 2021 йил ноябр ойи ҳолатига Ўзбекистонда ходимларнинг 35 фоизи 1 млн сўмдан кам маош олади. 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача маош олувчилар эса 24 фоиз. Бу – расмий ишда ишлайдиган аҳолининг салкам 60 фоизи 2 млн сўмдан кам ойлик олади дегани.
Шунинг учун ҳам нархлар ошиши ҳақидаги ҳар қандай хабар аҳоли орасида оғриқли қабул қилиниши табиий. Фаоллар кўтариб чиқаётган кўплаб муаммоли масалаларга халқ орасида етарлича эътибор бўлмаслигининг сабаби ҳам шундадир эҳтимол. Эрталабдан кечгача қорин ғамида юрган одамга дарахтлар кесилаётганининг нима қизиғи бор?
Коронавирус, Россиядаги уруш кабилар ташқи факторлар экани рост, лекин нарх-наво юқорилиги аввало ички факторларга боғлиқ эканини унутмаслик керак. Юзлаб яширин ва очиқ-ойдин монополиялар шароитида 2 млн сўмгача маош олувчи 60 фоиз ватандошимиз, масалан, Умра зиёратини фақат орзу қилиши мумкин холос. Маълум бўлишича, яна ўша ташқи омил сабаб қилиб кўрсатилиб, яқинда қимматлашган зиёрат нархи яна оширилиши кутиляпти. Мусулмонлар идораси хабарига кўра, Саудия Арабистони ҳукумати барча йирик мусулмон мамлакатларга Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берган, натижада подшоҳликдаги хизматларга талаб ошган, бу эса нархлар кўтарилишига олиб келмоқда.
Ўзбекистон “вазмин, нейтрал” позициясини яхшироқ очиқлади
“... ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхталиши зарур”.
“Биз бугунги оғир кунларда Украинага гуманитар ёрдам берамиз ва вазиятни инобатга олиб, ёрдам кўрсатишда давом этамиз”.
“Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик”.
“Ўзбекистоннинг позицияси шуки, мамлакатимиз ҳеч қандай халқаро ҳарбий блокка қўшилмайди”.
Ташқи ишлар вазиримиз Абдулазиз Комиловнинг Сенатдаги баёноти ҳеч қандай саволларга ўрин қолдирмайдиган даражада аниқ ва равшан янгради. Келинг, баёнотдаги муҳим нуқталарга қисқача тўхталиб ўтамиз.
Биринчидан, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб чиқди. Бу ерда нафақат Донбассда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган икки республика, балки Қрим масаласи ҳам назарда тутилган бўлиши мумкинлигини инкор қилиб бўлмайди, чунки халқаро ҳамжамият Украинанинг ҳудудий яхлитлиги деганда мамлакатнинг 1991 йилдаги чегараларини назарда тутади.
Иккинчидан, бундай даражадаги баёнот кичик бир интервю доирасида ёки қайсидир делегация билан учрашув чоғида эмас, Сенатнинг ялпи мажлисида, юқори минбардан туриб айтилди. Бу ҳам билдирилган расмий позициянинг қатъийлигидан, унинг юқори доираларда келишилганидан дарак беради.
Учинчидан, Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам кўрсатаётганини ва ёрдам кўрсатишда давом этишини тасдиқлади. Бу эса мамлакатимиз Украина масаласида “вазмин, нейтрал” позицияда экани билан бирга, амалда миллионлаб украинларнинг тинчи бузилганига бефарқ қараб туролмаслигини кўрсатади.
Тўртинчидан, вазир ўз баёнотида Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслигини қўшимча қилди. Бир қарашда алоҳида мавзудек кўринадиган масаланинг Украина мавзусидаги баёнотга қўшимча қилиниши, бу ҳам юқоридагилардан қолишмайдиган даражадаги муҳим сигнал эканини билдириши мумкин.
Шу ўринда қўшимча қилиш лозим, 15 март куни ўзбекистонликларни Украинадан эвакуация қилиш жараёни якунланди. Умумий ҳисобда 26та авиарейс орқали 5884 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди. Шулардан қарийб минг нафари – аёллар ва болалар. Бу жараёнда ўзбекистонлик дипломатларнинг саъй-ҳаракатлари ҳамда Полша ва Молдова расмийларининг кўмаги алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
25 кундан бери давом этаётган урушда иккала тараф ҳам катта йўқотишлар бермоқда. Улар сирасига ҳарбийлар ва иқтисодий йўқотишлардан ташқари, Россияни тарк этаётган профессионал кадрларни ҳам қўшиш мумкин. Ўзбекистон ана шу кадрларни ўзига жалб қилиш учун IT-viza ва бошқа енгилликларни жорий қилиши кутилмоқда.
Бу ҳақдаги янгиликлар фонида айнан интеллигенция орасида оммалашган Twitter Ўзбекистонда ҳамон блокда қолаётганини эслаб ўтиш керак. 16 март куни IT вазири Шерзод Шерматов блокдаги бошқа бир тармоқ – TikTok расмийлари билан музокара ўтказди ва ана шу музокарадан кейин блокланган тармоқлардан бир нечтаси вақтинча VPN'сиз ишлаб кетди. Маълум бўлишича, вазирлик TikTok компаниясига Ўзбекистонда ваколатхона очишни таклиф қилган.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати учинчи марта узайтирилмоқда
Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш узундан узун навбатлар ва ажиотажга айланиб кетгани ортидан, муддат яна узайтириладиган бўлди. Аввалига 2020 йил охиригача, кейин 2021 йил охиригача, ундан кейин 2022 йил охиригача деб белгиланган муддат мана энди 2023 йил охиригача узайтириляпти.
19 мартдан 2 апрелгача техник ишлар сабабли гувоҳномани алмаштириш хизмати тўхтатилди. 1 апрелдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари учун чора кўрилмайди.
Қонунчиликка киритилиши кутилаётган яна бир ўзгаришга кўра, маст ҳолда рулга ўтирганлар узил-кесил 5 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Ҳозир бу муддат 1,5 йилдан 3 йилгача деб кўрсатилган. Жарима миқдори ҳам 2,7 млн сўмга оширилиб, 13,5 млн сўм деб белгиланиши кутиляпти.
Ҳайдовчилар учун навбатдаги янгилик – таксичиларга яна битта мажбурий суғурта жорий этилиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун парламентда кўриб чиқиляпти. Агар қонун қабул қилиниб, кучга кирса, киракашлар йўловчининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишларига тўғри келади. Автомобиль ЙТҲга учраган тақдирда йўловчиларга етказилган зарар суғурта компанияси ҳисобидан қопланади.
Айрим депутатлар бу лойиҳага қарши чиққан, бир гуруҳ депутатлар эса, хусусан Дониёр Ғаниев ҳам бу қонун орқали таксида юрадиган миллионлаб фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини айтяпти. Биз депутатларимизни қонунга овоз беришдан олдин SUBYEKTIV лойиҳасининг охирги сонини кўришга чақирган бўлар эдик. Кўрсатувда охирги йилларда таксичиларга енгиллик бўлади деб айтилган ўзгаришлар аслида тескариси экани ҳақида сўз боради.
Бу ҳафта Ўзбекистонда яна нималар рўй берди?
Махсус комиссия қарори билан, коронавирусга қарши яна айрим чекловлар бекор қилинди. Энди эмланганлик сертификати бор шахслар Ўзбекистонга келишдан олдин ПЗР-тести топшириши шарт эмас. Бундан ташқари, Тожикистон билан чегарадаги ўтказиш пунктлари қайта очиляпти. Россия ва Қозоғистон билан темирйўл қатновлари тикланиши ҳам кутилмоқда.
Иш берувчиларнинг ходимни пенсия ёшига етгани сабабли ишдан бўшатиш ҳуқуқи бекор қилиниши кутиляпти. Президент қарори билан кексаларга қўшимча шароитлар яратиш, санаторийларга юбориш, кам таъминланган қарияларнинг даволаниши учун маблағ ажратиш чоралари белгиланди.
Президент соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан мулоқот ўтказди. Унда шифокорлар учун янги имкониятлар яратилиши, ойликлари оширилиши эълон қилинди. Якка тартибдаги шифокорлик фаолиятига рухсат берилади, шифокорларни лицензиялаш тизимига ўтилади, тиббиёт олийгоҳларининг юқори курс талабаларига шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади, грант квоталари сони оширилади.
Ҳукуматни ихчамлаштиришни тарғиб қилиб келадиган Адлия вазирлиги ишни ўзидан бошлади: Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги вазирлик таркибига департамент сифатида ўтказилди. Ҳудудларда давлат хизматлари марказлари, юридик хизмат марказлари, ФҲДЁ органлари ва адлия бўлимлари битта бинода ишлайдиган ягона Адлия бўлимларига айлантирилди. Шу ва бошқа ўзгаришлар натижасида тизимда бошқарув ходимлари сони 110тага қисқарди.
Туркманистонда навбатдан ташқари сайловда янги президент сайланди. Мамлакатни 16 йилдан бери бошқариб келган арқадағ Гурбангули Бердимуҳамедов президент лавозимини ягона ўғли Сардор Бердимуҳамедовга топширди. Қозоғистонда эса президент Қосим-Жўмарт Тўқаев сиёсий ислоҳотлар бошланиши, суперпрезидентлик тизимига барҳам берилишини эълон қилди.
15 март куни ўзбек театр ва кино санъатининг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Тўтихон Юсупова 86 ёшида вафот этди.
Бу – ортда қолаётган ҳафтада Ўзбекистонда рўй берган асосий воқеа-ҳодисаларнинг қисқача шарҳи эди. Тезкор, аниқ ва холис янгиликларни Kun.uz'да кузатишда давом этинг. Дам олиш кунингиз мароқли ўтсин!
Мавзуга оид
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024