Азиз Тошпўлатов ИИВнинг янги раҳбари бўлди
Пўлат Бобожонов ўрнига Азиз Тошпўлатов янги ички ишлар вазири бўлди. У бунга қадар Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи лавозимида ишлаган.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Азиз Анварович Тошпўлатов Ички ишлар вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг тегишли фармони имзоланган.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, генерал-майор А.Тошпўлатов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.
Азиз Тошпўлатов 1978 йилда туғилган, муқаддам Наманган вилояти ИИБ (2015–2017), Самарқанд вилояти ИИБ (2017–2019), ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари (2019–2020) каби лавозимларда ишлаган, 2020 йил мартида Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи лавозимига тайинланганди.
2021 йил январида Ўзбекистон президенти фармони билан «генерал-майор» махсус унвонини олган.
У ИИВ раҳбари лавозимида 2017 йил сентябридан буён ишлаб келган Пўлат Бобожоновни алмаштирди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрида Ўзбекистоннинг қатор кучишлатар тузилмаларида раҳбарлар алмашганди – дастлаб ДХХ раиси Абдусалом Азизов лавозимидан олиниб, унинг ўрнига мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ўтказилганди. Ўз навбатида, мудофаа вазирлиги раҳбарлигига Шуҳрат Холмуҳаммедов келганди.
Бу ўзгаришлар президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд билан боғлиқ экани айтилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адҳамов ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Тимур Собиров ҳам ишдан олинган. Кейинроқ Дониёр Тошхўжаев Алламжоновга суиқасд ишида айбланиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.