Жиззахлик тадбиркор аёл Гюнел Алиева иши бўйича Kun.uz'да чиққан мақолалар Судьялар олий кенгашида кўриб чиқилиб, уларда тилга олинган ҳолатларни ўрганиш, судьяларнинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинлангани ҳақида баёнот берилганига уч ойдан ошди.

Бироқ, кенгаш ўз баёнотида алоҳида ваъда берганига қарамай, ҳамон “қўшимча ахборот” бергани йўқ.

Kun.uz бир ярим ой аввал хизмат текшируви натижаси билан қизиқиб, кенгаш матбуот котиби Турсунали Акбаров билан боғланганида, у жараён ҳали якунига етмаганини айтиб, буни “хизмат текшируви ўтказаётган Жиззах вилоят судлари малака ҳайъати қўшимча муддат сўрагани” билан изоҳлаганди.

Орадан 50 кун (!) ўтиб, яна Турсунали Акбаров билан боғландик. Сўровимизга берилган жавобдан билдикки, “хизмат текшируви натижасида мақолаларда баён қилинган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаган” экан!

Хўш, мақолаларда баён қилинган ҳолатлар тасдиғини топмаган бўлса, унда раддия қани? Кенгаш фаолиятига оид нотўғри ёки мавҳум ахборот чиқса, вақтида раддия ёки муносабат беришни ўрнига қўядиган матбуот хизмати нега жим?

Жиззахлик судялар суд қарорларини ижро этиш учун сотилган мол-мулкни қайтариб олиш мумкинмаслиги (Фуқаролик кодекси 229-моддасининг 2-қисми) ҳақидаги қоидани билмаган бўлиши мумкинми?

Судялар қонуннинг шугина нормасини билмаслиги – ўта ғайритабиий ҳолат эмасми? Фуқаролик қонунчилигининг мулкка оид қисмининг алифбоси бўлган “инсофли эгалловчи” мақомини билмайдиганлар судялик лавозимида ўтиришга ҳақлими?

Судялар олий кенгаши мақолаларда бирма-бир баён этилган ва инкор этиб бўлмайдиган ҳолатларни “тасдиғини топмади” деб, судяларнинг хурмача қилиқларини очиқдан очиқ беркитмаяптими?

Бор ҳолатларни кўриб, кўрмасликка олиш Жиззахдаги айрим судяларнинг “биз Ёдгоровнинг шинелидан чиққанмиз”, дея турли давраларда мақтаниб юрганини амалда тасдиқлаб қўймаяптими?