Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида такрорий портлаш юз берди. Маҳаллий аҳолига кўра, воқеа коннинг аввалроқ аварияга учраган ҳудудида эмас, янги бурғиланган қудуқда юзага келган. Энергетика вазирлиги буни “водород сулфидининг назорат остидаги отилиши” деб атамоқда, аммо нима сабаб содир бўлганидан бехабар. Ҳозирда табиатга зарар етказмаслик учун қудуқ ёқиб қўйилган, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмагани айтилди.
Сурхондарёнинг Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конидаги авария яна кун тартибига қайтди. 2025 йилнинг 27 март куни “М-25” газ конидаги 202-сонли қудуқда навбатдаги портлаш содир бўлди.
Kun.uz’га ҳодиса ҳақида қисқача маълумот берган фуқарога кўра, ҳолат коннинг аввалроқ аварияга учраган қудуқларида эмас, бошқа жойида юзага келган.
“Биз Кофрундамиз, олдинги газ ёнган тараф бу [бошқа] томонда эди, ҳозир бошқа жойдан яна ёняпти… Газ яна портлади. Янги бурғилаш жойида яна газ портлади”, – дейилади ҳамюртимиз жўнатган видеода.
Энергетика вазирлиги буни “водород сулфидининг назорат остидаги отилиши” деб атаган. Аммо расмийлар “назоратли отилиш”нинг сабабларидан бехабар. Нохуш вазият ва ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.
Шу ерда мантиқ йўқолади, қандай қилиб сабаблари аниқланиши кутилаётган жараёнда “назорат остидаги отилиш юзага келган” дейиш мумкин?
Қайд этилишича, табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида ҳозирда 202-сонли қудуқ ёпиб қўйилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бригадаси етиб борган.
Ишларни ташкил этиш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар таркибида ташкил этилган махсус штаб вакиллари ҳам ҳодиса жойига етиб келган.
“Айни пайтда керакли барча чора-тадбирлар зарур техника ҳамда ускуналардан самарали фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилмоқда.








