Молиявий пирамида услубидаги фирибгарлар давлат боғчаларида тарғибот бошлади
Маҳалла раислари ҳам пул тикиб, тарғиб қилаётган HNK медиа компанияси таълим муассасалари, хусусан, мактаблар ва боғчаларга қадар кириб борди. Ушбу компаниянинг арзимас “сахийлиги” ортида нималар яширинганини билмаган педагог ва тарбиячилар ўзлари сезмаган ҳолда уларнинг “ноғорасига ўйнаб” қўймоқда. Аслида уларнинг бу ҳаракати реклама қонунчилигига ҳам зид.
HNK’нинг “ўхшамаган” баёноти
Heineken (HNK) медиа компанияси ҳақида Kun.uz олдинроқ ҳам ёзганди. 2016 йилда ташкил этилгани ва бош қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашгани, таъсисчилари Kevin Torn ва Barri Jons исмли шахслар экани айтиладиган мазкур компания видео кўриш ва уларга лайк босиш орқали пул топишни тарғиб қилади.
Kevin Torn ва Barri Jons бор шахсларми ёки аслида йўқми, ҳарқалай уларни Ўзбекистонда HNK’га аъзо бўлганларнинг ҳеч бири кўрмаган.
Kun.uz суриштирувидан сўнг HNK гуруҳларида компаниянинг баёноти тарқатилди. Унда ушбу компания одамларга барқарор иш имкониятларини тақдим этиши, уларга даромад олишга ёрдамлашиши ҳамда қўл меҳнати қийинчиликларидан қочиш имконини бериши айтилади.
“Баъзи офлайн компаниялар HNK амалиётларини камситиш ва унга қарши чиқишни бошлади. Улар одамларни анъанавий офлайн иш жойларини қадрлашга ундашга ҳаракат қилмоқда, лекин аслида улар одамларнинг ҳаёт сифати яхшиланишини хоҳламайди. Улар ҳамманинг бой бўлишини эмас, балки одамларнинг меҳнатига таянишни хоҳлайди”, дейилади баёнотда.
Аммо компания агар даромад шунчаки видео кўриш орқали берилаётган бўлса, одамлар нега пул тикиши кераклиги, бунга қандай зарурат борлигини очиқламаган.
Нишонда мактаб ва боғчалар
Хавотирлиси, фаолияти шубҳали бўлган ва молиявий пирамида экани аниқ кўриниб турган HNK компанияси имкон қадар кўпроқ одамни “тўрига илинтириш” учун арзимаган “сахийлик” баҳонасида ҳатто таълим масканларига бориб, тарғибот ишларини амалга оширмоқда. Таълим ва тарбия масканларининг раҳбарлари эса бунга очиқчасига йўл қўйиб бермоқда.
Масалан, HNK вакиллари турли ҳудудлардаги мактабларга бориб, гўёки хайрия тадбири ўтказган. Лекин шу баҳонада ўқувчиларга компания логотипини ушлатиб, тарғибот ишларини олиб борган.
Компаниянинг “қадами” ҳатто мактабгача таълим ташкилотларига ҳам етиб борган. Боғча мудиралари ва тарбиячилар компанияга қўшилишга чорлаб, видеога ҳам тушиб бермоқда.
Тадбирчи ким?
Мактаб ва боғчаларга бориб, бундай ишларни уюштириб юрганлар кимлар? Албатта, бу иши ортидан манфаат кўраётган одамлардир. HNK пардаси ортида турганлар уларга тарғибот тадбири харажатини қоплаб беришади ва ҳақ тўлашади. Яъни улар ушбу молиявий пирамида домига кўпроқ одамни тортишга хизмат қилиб беради.
Мисол учун, минглаб одамларни чув тушириб кетган Whats, Parker, Blue culture ва бошқа шу каби молиявий пирамидалар “ўлжа тўплаш”да “бир пиёла чой” усулидан фойдаланган. Яъни гўёки одамларга байрам тадбири уюштириб берган бўлиб, тарғибот ишларини олиб борган. Тадбирни ташкиллаштирган одам эса хизмати учун ҳақ олган.
HNK эса айни шу ишни бироз бошқачароқ усулда, маҳаллалар, мактаблар ва ҳатто боғчаларга хайрия тадбири уюштириш ниқоби остида кириб бориб, амалга оширяпти. Афсуски, мактаб директорлари ва боғча мудиралари уларга эшик очиб бермоқда.
Реклама қонунчилигига зид
Таълим ва тарбия масканларида бундан тарғибот ишларининг олиб борилиши реклама қонунчилигига зид ҳисобланади.
“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида вояга етмаганларни товарларни олишга даъват қилиш ёки реклама қилинаётган товарларни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга ундаш тақиқланиши белгиланган.
HNK компанияси эса болалар орқали молиявий пирамида тарғиботини бемалол олиб бормоқда. Ушбу қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйиб бергани учун тарғибот тадбирлари уюштирилган таълим ва тарбия масканларининг раҳбарларига интизомий таъсир чоралари кўрилиши зарур. Йўқса, бундай “алданишга чорлаш” тарғиботи ҳар бир мактаб ва боғчага кириб бориши ҳамда навбатдаги чув тушиш кўлами AIF платформасиникидан ҳам каттароқ бўлиши мумкин.
Олдинроқ HNK компаниясини ҳатто маҳалла раислари ҳам тарғиб қила бошлагани айтилганди. Бухоро шаҳридаги Тўқимачи маҳалласи раиси Шерзод Жумаев ўзи ҳам ушбу ўйинга қўшилганини маълум қилган эди. “Текшириб кўрдим, бу ишончли экан, Ўзбекистон билан 2021-2031 йилларга шартнома қилган экан. Гувоҳномаларини кўрдим. Ўзим ҳам 360 минг сўм билан кирдим. Ҳали биринчи босқичдаман”, деганди маҳалла раиси.
Мавзуга оид
21:14 / 22.10.2024
Kun.uz огоҳлантирган Whats платформаси молиявий пирамида эканлиги тасдиқланди: ИИВ жиноят иши қўзғаган
22:25 / 20.10.2024
Фирибгарлар Telegram орқали фотосурат кўринишида вирус юбормоқда
15:12 / 20.10.2024
Ўзини банк ходими деб таништириб, фуқаронинг пулларини ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилди
08:10 / 17.10.2024