12 сентябрь куни ОАВда Юнусобод тумани судида Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров ҳамда Тошкент прокурорининг собиқ ўринбосари Мирағлам Мирзаев устидан суд бошлангани тўғрисида тарқалган хабарлар ўз тасдиғини топмади.
Ўзбекистон Олий суди расмий вакили Азиз Обидов бу хабарларга муносабат билдирар экан, ҳали тергов жараёни давом этаётгани, собиқ прокурорлар бўйича иш туман судида кўриб чиқилмаслигини маълум қилган.
Шу йилнинг 22 февралида Тошкентда Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодиров Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида қўлга олинганди. Унга нисбатан «Товламачилик», «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» моддалари бўйича жиноят иши очилган. Шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари бўлмиш Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ушланганди.
Рашид Қодиров Ўзбекистон прокуратурасини 15 йил давомида бошқарган ва 2015 йил апрелида лавозимдан олинганди.
Кейинроқ ушбу иш доирасида яна ўндан ортиқ киши қамоққа олинди. Улар орасида «Тошкентни титратган прокурор» - Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, «Антибиотик» лақабли адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев ва унга яқин бўлган бошқа прокурорлар ҳам бор эди.
«Қодиров иши» иши доирасида жами 21 киши қамоққа олинган.
Ўзбекистоннинг ҳозирги бош прокурори Отабек Муродов шу йилнинг июнида Сенатдаги чиқиши вақтида Рашид Қодиров билан боғлиқ вазият тўғрисида гапира туриб, қўлга олинганларнинг барчаси устидан тергов жараёни давом этаётганини билдирганди.















