2019 йилнинг 1 кунидан бошлаб, республиканинг айрим ҳудудларида автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари — газ тўлдириш компрессор станцияларида хизматлар нархи яна кескин кўтарилди. Бу охирги 3 ойда иккинчи марта кузатилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz  мухбири хабар бермоқда.

Айни пайтда АГТКСларда бир кубометр метан газ нархи ўртача 300–400 сўмга ошди ва кузатилган энг қиммат баҳо 2200 сўм бўлди. Охирги марта ушбу ҳолат 2018 йил ноябрь ойида, республиканинг барча ҳудудларида жойлашган шохобчаларда кузатилган. Хизмат нархининг кескин ошиб кетишига лимитдан ортиқ олинган газ сарфи учун 2 коэффициентда тўлов амалга оширилиши важ қилиб кўрсатилганди. Ўша пайт, АГТКСда газ танқис бўлишини олдини олиш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» ноябрь ойи учун қўшимча 40 миллион куб.м газни реализация қилишга киришганди

1 январдан бошлаб, АГТКС харажатлари орасида ижтимоий солиқ ҳам 55 сўмга қимматлади, шунингдек, лимитдан ортиқ газ сарфи учун ўрнатилган 2  коэффициентда тўлов масаласи ҳал этилмай қолмоқда. Гап шундаки, «газ заправка»лари талабидан келиб чиқиб, ресурс ҳеч қачон тўлиқ етказиб берилмаган. Шунинг учун, уларга газ реализациясида лимит қўйилади. Ана шу ўрнатилган лимитдан ҳам ортиқ сотув амалга оширилса, етказиб берилаётган газ нархи 2 баробар қимматлайди. Тадбиркорлар эса лимитгача ва ундан бошқа нархда харид қилган газни реализация қилиш учун «олтин меъёр»даги нархни белгилаб, хизмат кўрсатади. 

Агар лимит тугагандан сўнг, «газ заправка» ишламаса ё мажбуран ёпиб қўйилса, аҳвол қанақа бўлишини декабрь ойида кузатдик. Бу вазият энг камида транспорт-логистика нархининг ошиб кетишига олиб келди.