Ўзбекистон | 13:11 / 11.01.2019
38463
3 дақиқада ўқилади

Азим Аҳмедхўжаев Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди

Фото: KUN.UZ

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги рақамли иқтисодиёт ва блокчейнни ривожлантиришга масъул бўлган Азим Аҳмедхўжаев Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақдаги маълумотни Жиззах вилояти ҳокимлиги Kun.uz’га тасдиқлади.

Қайд этилишича, А. Аҳмедхўжаев Жиззах вилояти ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари бўлган. 

У ЛБМА директори ўринбосари сифатида минтақани ижтимоий-иқтисодий ва саноат жиҳатидан комплекс ривожлантириш бўйича бошлаган ишини давом эттиради. Янги ҳоким ўринбосари шунингдек, ҳокимият жамоаси билан биргаликда вилоятда инвестицион муҳитни яхшилаш, туристик имкониятларни кўпайтириш ҳамда минтақанинг ташқи кўриниши билан яқиндан ишлаш ниятида.

Азим Аҳмедхўжаев 1979 йилда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети битирувчиси (2002 йил). 2018 йилнинг февраль - август ойларида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири бўлган, 2017—2018 йилларда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига раҳбарлик қилган. 

2016 йил майидан 2017 йил мартига қадар «Асака-банк» бошқаруви раиси, бунгача — 2011 йил майидан Миллий банк бошқаруви раиси ўринбосари, раиснинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. Бундан аввал — 2009 йил январидан Миллий банкнинг NBU Инвест Group шўъбасига раислик қилган. Бунгача Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тузилмаларида ишлаган.

Президентнинг 10 январда қабул қилинган "Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида"ги фармони билан 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси амалга оширилади. 

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги синов лойиҳани тизимли ва самарали тайёрлаш ҳамда амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади.

Мавзуга оид