Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистоннинг нефт-газ сиёсати муаммолари ва истиқболлари, шунингдек, аҳолини энергия манбаалари билан таъминлаш мавзусида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда энергетика секторини тартибга солиш, энергоресурсларни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий сармояни жалб қилиш, рақобатли бизнес муҳитни шакллантиришга кўмаклашиш учун тариф сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича маълумот берилди.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сенатдаги чиқиши вақтида «Лукойл» компаниясидан 600 млн доллар миқдоридаги қарздорлик ҳақида гапирганди. Президент масъуллар маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим имзолаш олдидан миллий манфаатларни ҳисобга олиши кераклиги, лекин бу ҳолатда миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганини айтганди.
«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодир Сиддиқов ушбу ҳолат бўйича саволга жавоб қайтарди.

«Шуни таъкидлашни истардимки, «Лукойл» бугунги кунда нафақат нефть-газ соҳасида, балки бутун Ўзбекистон Республикасидаги энг йирик инвестор ҳисобланади. Ҳозирда «Лукойл» инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошади, аниқроғи, 7,4 миллиард доллар бўлиб, газ-кимё мажмуаси қурилиши учун углеводород хомашёсини қазиб олиш лойиҳаси доирасида сарфланган.
«Лукойл» олдидаги қарз бир йил ичида пайдо бўлмаганини таъкидламоқчиман. Биз кейинги йилларда «Лукойл»га сотилган табиий газдан ички истеъмолчилар учун сотиб оламиз. Бу табиий газ истеъмоли аҳоли томонидан ҳам, мамлакатимиз ривожи учун бугунги кунда ташкил этилаётган янги корхоналар томонидан ҳам табиий газ истеъмоли ошиши билан боғлиқ.
Бугунги кунда гап имзоланган битим мамлакат манфаатларига мос келиш-келмаслиги ҳақида эмас. Вужудга келган қарз «Лукойл» билан маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим доирасида компания оператори билан лойиҳа бўйича уч ойлик табиий газ қазиб олиш ҳажмини ташкил этади.
Бу қарздорликни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларга эгамиз. Ҳозирда «Лукойл» компанияси билан қарздорликнинг ушбу қисмини реструктуризация қилиш ва уни келгуси даврларда тўлаш бўйича келишувга эгамиз. Бундан ташқари, маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим доирасида қазиб олинаётган газ экспортга йўналтирилишига кўпроқ эътибор қаратишимиз лозим. Президентимиз олдимизга шундай вазифани қўйган ва биз буни тўла-тўкис англаб турибмиз. Бугунги кунда «Ўзбекнефтегаз»нинг барча саъй-ҳаракати ўз қазиб олиш ҳажмини оширишга, келгусида бу газ ички истеъмолчиларга сотилишига йўл қўймасликка қаратилган. Чунки сотиб олиш ва сотиш нархи орасида фарқ бор ва маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги битим доирасида барча қазиб олинган газ экспорт қилиниши шартига амал қилинса, бу Ўзбекистон учун ҳам даромадли лойиҳадир ҳамда «Лукойл»нинг даромадлар бўйича талабига ҳам мос келади.








