Ўзбекистон | 21:10 / 17.11.2019
30178
9 дақиқада ўқилади

Моралеснинг қочиши, «Лукойл»даги можаро, журналистларга таҳдид ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

ЕОИИ бўйича мунозара давом этади

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши бўйича баҳс-мунозаралар давом этмоқда.

Аввалига ушбу иттифоққа киришга қатъиян қарши бўлган «Миллий тикланиш» партияси ўз позициясини ўзгартирди. Партия раиси Алишер Қодиров партия мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлашини айтди.

Олий Мажлис Сенати қўмита раиси ўринбосари Одилжон Иминов эса биргина мигрантлар омилининг ўзи ЕОИИга киришга икки қўлни кўтариб тарафдор бўлишга етарли эканини айтиб ўтди.

Сенаторнинг фикрига кўпчилик қўшилмади. Иқтисодчи олим Шерзод Эралиев Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоласида иттифоққа кириш учун ўзбекистонлик мигрантлар билан боғлиқ иддаолар асоссизлигини исботлаб берди.

Яна бир иқтисодчи Жамшид Муслимов ЕОИИ ҳақида фактларни келтириб, ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлар орасида Россиядан бошқа аъзо давлатларнинг савдо баланси манфийлигини кўрсатиб ўтди.

Халқаро Валюта Жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори ўринбосари Юха Кяхконен ЕОИИга кириш бошқа минтақалар билан савдо юритишни мураккаблаштиришидан огоҳлантирди.

Сенатор Одилжон Иминовнинг фикрларини Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган, айни вақтда Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад ҳам муносабат билдириб, Ўзбекистон бу ташкилотга киришдан айтилаётганидек кўп фойда олмаслигини айтиб ўтди.

Дарвоқе, ушбу ташкилот аъзоси бўлган Беларусь президенти «Бизга бундай иттифоқнинг нима кераги бор?» демоқда.

Эво Моралеснинг ағдарилиши

10 ноябрь куни Боливияда мухолифат тарафдорлари Patria Nueva (PRN) давлат радиостанцияси ва Bolivia TV (BTV) миллий телеканали жойлашган бинони қўлга олгани, 11 ноябрда Боливия давлат раҳбари Эво Моралеснинг мамлакатда янги президентлик сайловлари ўтказилишини маълум қилган ва мухолифат вакили Карлос Меса ушбу хабарга муносабат билдириб Боливиянинг амалдаги президенти янги сайловларида қатнашмаслиги лозимлигини қайд этган. Кейинчалик мамлакатни 2005 йилдан буён бошқариб келган ва тўртинчи муддатга сайлана олмаган Эво Моралес истеъфога чиққанини эълон қилди ва пойтахт Ла-Пасни тарк этди. Унга Мексикадан сиёсий бошпана берилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Моралеснинг истеъфосини Ғарбий яримшардаги демократия учун муҳим воқеа деб атади.

12 ноябрь куни боливиялик сенатор-демократ Жанин Аньес ўз зиммасига Боливиянинг вақтинчлик президент ваколатларини олишини эълон қилди.

Фарғонада фуқаро ва чегарачилар ўртасидаги можаро

13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ниқобли чегара қўшинлари аскарлари дейилаётган шахсларнинг маҳалла ҳудудида машиналарни текшираётгани ва бир ўсмирни калтаклагани видеоси тарқалди.

Ушбу видеода машинада ўтирган йигитлар томонидан яширинча тасвирга олинган. Унда ҳарбий формадаги, қора маска таққан чегарачилар автомобилларни назорат қилаётгани кўриш мумкин. Аскарлар ёмон сўзлар билан сўкиб, фондаги овозлардан кимдир калтаклангани билиниб турибди. Шу пайтда машинадан ўсмир бола тушиб кетмоқчи бўлади. Унинг ортидан чегарачилардан бири «Ушла!» деб бақиради.

Кўп ўтмай ДХХ Чегара қўшинлари Фарғонада фуқаролар нима учун ниқобли ҳарбий хизматчилар томонидан калтакланганига муносабат билдирди. Унда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий прокуратура билан ҳамкорликда мазкур факт бўйича хизмат текширувини ўтказаётгани, вазиятга ойдинлик киритилгач, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинганди.

«Лукойл»нинг миллатчи ходими

Ўтган ҳафтада интернетда тарқалиб кетган яна бир видео Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида содир бўлган воқеага оид. 

Бу ерда Россиянинг «Лукойл» компанияси ходими Иван Шилов Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуасининг маҳаллий ишчиларини «баран» деб ҳақорат қилгач, бу ходим ижтимоий тармоқларда муҳокама марказида бўлди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу видео юзасидан муносабат билдириб, «Лукойл» компанияси вакилининг хатти-ҳаракатига жиддий эътибор қаратиш лозим»лигини таъкидлади.

Шунингдек, учта сиёсий партия бу мавзуни эътибордан четда қолдирмади.

Хусусан, «Адолат» СДП Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 13-моддасига мувофиқ, «Лукойл» амалдорининг ҳаракатларини қонунчилик меъёрларига зид деб ҳисоблашини маълум қилиб, компания раҳбарияти ҳамда тегишли давлат органларидан бу масалага ойдинлик киритишни сўраган.

Халқ демократик партияси бу ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берилишини талаб қилди, ЎзЛиДеП шахс қадр-қиммати, унинг шаъни дахлсизлиги Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда халқаро нормаларга мувофиқ олий қадрият ҳисобланишини эслатиб, компания раҳбариятидан инсон шаънига нисбатан қилинган бундай тажовуз иштирокчисига нисбатан кўрилган чора юзасидан яқин вақт давомида жамоатчиликка ахборот беришни сўради.

Якунда «Лукойл» компанияси Қашқадарё вилоятида компания ходими маҳаллий ишчиларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани юзасидан расмий баёнот бериб, ушбу ҳодиса бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётгани, ахлоқий қоидалардан четлашган Иван Шилов «Лукойл»нинг Ишбилармонлик этикаси бўйича комиссиясининг Москвадаги йиғилишига чақирилганини маълум қилди.

Ис газининг навбатдаги қурбонлари

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон бўйлаб тўртта вилоятда ис газидан заҳарланиб жами 9 киши вафот этди.

Ўзбекистонда яна 10 киши ис газидан заҳарланди, икки фуқаро вафот этди

Фарғона вилояти: вояга етмаган икки қиз газдан заҳарланиб вафот этди

Ис газидан заҳарланиш бўйича навбатдаги ҳолат: Жиззахда бир киши вафот этди

Наманганда она ва болалари ис газидан заҳарланиб вафот этди, ота шифохонада

«Шессикундда йўқ бўлиш»

 

Навбатдаги аудио интернетни кезиб, Ўзбекистонни жаҳонга шарманда қилишда давом этмоқда. Яна катта бир амалдор, яна қўрқинчли таҳдид, яна чегарасиз қонунсизлик.

16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни йўқ қилиш таҳдиди акс этган аудиоёзуви тарқалди. Аудиода ҳоким журналистларни принципсизликда айблаган, ўғрилар жаргонида «бедолага», «петух» деб ҳақоратлаган, уларни гей деб эълон қилиш, маҳалла-кўйда юролмайдиган қилиб қўйиш билан таҳдид қилган, «йўқолиб қолиши» мумкинлигини эслатган.

«Адолат» социал-демократик партияси биринчилардан бўлиб ушбу аудиоёзувга муносабат билдирди ва бу ҳолатни инсон ҳуқуқлари ва унинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблаб, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасидан ушбу ҳолат юзасидан ҳимоявий чора кўрилишини сўради. 

Халқ демократик партияси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдидини халқ ва давлатга ҳурматсизлик деб баҳолади.

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров фейсбукдаги саҳифасида кун мавзуси юзасидан муносабат билдириб, аудиоёзув ҳақиқийлиги исботланмагунча ушбу вазиятга изоҳ бериш нотўғрилигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон либерал демократлар партияси «ҳар қандай эркин фикр, эркин сўз инсон шаънига дахл қилмаслиги шарт»лигига эътибор қаратди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги аудиоёзув бўйича ўрганиш олиб борилаётгани ҳамда ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.

Журналистлар ижодий уюшмаси ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан боғлиқ аудиоёзув бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз хулосаларини билдириши кераклигини билдириб ўтди.

Бош прокуратура журналистларга таҳдидлар янграган аудио бўйича ўрганиш бошлади, Тошкент шаҳри ҳокимлигида ҳам ишчи гуруҳ тузилди, Адлия вазирлиги ўрганиш ишларида Бош прокуратура билан ҳамкорлик қилишини билдирди.

Мавзуга оид