Маълум бўлишича, 56 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Жами 17300 киши тиббий кўрикдан ўтказилган.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22та аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудларига эвакуация қилинган.
«Бундан ташқари, эҳтиёт чораси сифатида яна 3 минг кишига мўлжалланган захира ўринларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Эвакуация қилинган инсонларга зарурий шарт-шароитлар яратилди. Улар иссиқ овқат, дори-дармон ва дам олишлари учун жой билан таъминланди.
Шу билан бирга, ҳозирги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, барча тадбирлар санитария-гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда амалга оширилмоқда.
Параллел равишда эвакуация қилинганларнинг рўйхатини тузиш ишлари ҳам давом этмоқда», – деди ФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида Сардоба туманининг Қўрғонтепа ва Дўстлик аҳоли пунктларида бино-иншоотлар ва экин майдонларига жиддий зарар етган.
Фото: Сардобада сув тошқини оқибатлари
Дамбанинг 6-пикети бузилиб, сув тошиб чиқа бошлаши 1 май куни тонгги соат 05:55дан бошлангани хабар қилинган эди. Омбордан сув чиқиши соат тахминан 17:00га келиб тўхтаган.
«Шундан сўнг фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатларнинг кейинги босқичига ўтилди. Айни пайтда омборнинг сув тошқини рўй берган қисмини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.
Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш чоралари Ўзбекистон президентининг шахсан назоратига олинган. Давлат раҳбари топшириғи билан, ушбу фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди», – деди Мурод Содиқов.



















