Kun.uz мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида Қува тумани «Пахтакор» МФЙ Ёшлик кўчаси 289-хонадонда бўлиб, марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Марҳум Аҳрор Анваровнинг отаси Ёрқинжон Халилов ҳозир интервью беришнинг мавриди эмаслиги, 3-4 кун ўтиб Kun.uz мухбирига ўзи чиқиб вазият ҳақида батафсил маълумот беришини билдирди.

Марҳумнинг уйи

Марҳумнинг амакиваччаси Лутфиёр Халиловнинг маълум қилишича, амакисининг 3 нафар фарзанди бўлиб, Аҳрор Анваров оилада кенжа фарзанд бўлган.

Марҳумнинг амакиваччаси Лутфиёр Халилов

Ёрқинжон Халиловнинг тўнғич қизи турмушга чиқиб кетган, ўртанча ўғил Аҳмаджон Анваров (марҳумнинг акаси) Фарғона политехника институтининг 4-курс талабаси. Бундан 7 ой муқаддам у узум қирқаётиб баланликдан боши билан пастликка қулаб тушган. Бахтсиз ҳодиса туфайли у шу кунгача ўзига келмай, шифохонада кома ҳолатида ётган. Шу сабаб оила ўз ҳаловатини йўқотган. Ота ва марҳум Аҳрор шифохонада комадаги Аҳмаджоннинг ёнида бир кундан навбатчиликда туришган.

«31 март куни жияним шу маҳаллада иш жойига, яъни цехига чиқиб кетаётганида йўлда участка нозирлари билан маска тақмагани учун тортишиб қолишган. Шундан кейин жиянимни нозир ўз машинасига солиб хизмат хонасига олиб кетган. Нозир хонасида 10-15 дақиқа тушунтириш ишлари олиб борган.

Тез орада амакиларим ва марҳумнинг отаси Ёрқинжон Халилов ҳам нозир хонасига бориб йиқилган бола туфайли оиладаги вазият яхши эмаслигини тушунтиришган.

Аҳрор Анваровнинг участка инспектори Ойбек Маҳмудов томонидан 31 март куни телефонга олинган фотосурати