Ўзбекистон | 17:39 / 24.04.2021
14827
3 дақиқада ўқилади

Давлат харидларида бенефициар мулкдор шахси очиқланиши белгиланди

Янги қонун билан давлат харидларида иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларининг таъсисчиси ва бенефициар мулкдори кимлиги бевосита очиқланади.

Ўзбекистонда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

Унга кўра, коррупцияга қарши курашиш мақсадида аффилланганлик тўғрисида ва бенефициар мулкдорларни очиқлаш ҳақидаги нормалар белгиланди.

Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Жасур Умаровнинг Kun.uz'га билдиришича, мазкур норма харидлардаги очиқлик ва шаффофликни таъминлашда асқатади.

«Қонунда давлат харидларида очиқлик, шаффофлик ва жамоат назоратини таъминлашга жуда катта эътибор берилган. Ушбу ҳужжат билан давлат харидларида иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларининг таъсисчиси ким, бенефициар мулкдори кимлигини бевосита очиқлаш орқали кенг жамоатчиликка етказилади.

Харидларни амалга оширишда режалаштиришдан тортиб, охирида шартнома тузиб, товарларни етказиб берганлик бўйича барча маълумотларни махсус ахборот порталида жойлаштириш кўзда тутилган», – деди вазирлик вакили.

Аввалроқ, Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов қонун Сенат томонидан кўриб чиқилаётган пайтда ушбу масалада маълумот берганди.

«Қонунда нафақат бюджет буюртмачисининг афилланган шахси ёки қариндоши харид жараёнига қўшилиши, балки у ҳақидаги маълумотлар очиқланиши ҳам кўзда тутилган.

Тадбиркорлар ўзи тузган 3-4та фирма аукцион ёки тендерда қатнашиши ва ўша фирмалардан бирининг ғолиб бўлиши – бу ҳақиқий рақобатни билдирмайди. Шунинг учун мазкур жараёнда афилланган шахслар битта лотда қатнашиши тақиқланмоқда», деган эди вазирлик расмийси.

Шунингдек, қонунда манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотнинг ошкор қилиниши ҳам белгиланди.

Бунда давлат буюртмачисининг, давлат харидлари электрон тизими оператори, ихтисослашган ташкилотнинг, эксперт ташкилотининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек, харид комиссиясининг аьзолари ҳамда экспертлар харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда ўз иштирокидаги давлат харидларига доир битимнинг натижаси бўлган ҳар қандай шахсий фойдани бевосита ёки билвосита олиш ҳуқуқига эга эмас.

«Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни олгач, ушбу қонунга мувофиқ давлат назоратини амалга оширувчи давлат органларига тегишли ахборотни киритиши шарт», дейилади ҳужжатда.

  • Бенефициар мулкдор – провардида мулк ҳуқуқларига эгалик қиладиган ёки товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчини амалда назорат қиладиган жисмоний шахс.

Янги қонунда давлат харидлари бўйича масъул давлат органлари сифатида Молия вазирлиги (регулятор), Ҳисоб палатаси, Прокуратура ва Аксилкоррупция агентлиги ва Аксилмонополия қўмитаси белгиланди.

Мавзуга оид