“Аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чоралар тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Солиқ кодексига қўшимчалар киритилди. Унга кўра, 2021 йил майдан 31 декабргача қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди:

  • Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
  • ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.

Қонунга мувофиқ, 2021 йил 1 майдан 31 декабргача:

  • айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан экспорт божхона божлари киритилади;
  • тадбиркорларга ўзлари томонидан импорт қилинган кунгабоқар ёғи ва кунгабоқар уруғларини қайта ишлаш натижасида олинган ўсимлик ёғининг (ТИФ ТН бўйича коди 1512 11 – 1512 19) 50 фоизидан ошмаган қисмини экспорт қилишга рухсат берилади.

Aввалроқ, депутатлар ўсимлик ёғини вақтинча ҚҚСдан озод қилиш борасида қарор қабул қилиб, у Сенатда маъқулланганди.

Kun.uz йилнинг 1-чорагида кунгабоқар ёғи, апрел ойида эса пахта ёғининг нархи кескин ошиб кетгани борасида таҳлилий мақолалар эълон қилганди.

Шунингдек, Монополияга қарши қўмита пахта ёғи ва чигит нархи назоратини кучайтириши маълум бўлди.