Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентдаги реклама конструкцияларини бузишга оид қарор лойиҳаси адлия органларида экспертизадан ўтказилмаган — Бизнес-омбудсман
Қайд этилишича, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2021 йил 27 мартдаги “Тошкент шаҳрида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси адлия органларида экспертизадан ўтказилмаган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, тадбиркорларга тегишли реклама конструкцияларининг демонтажи Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 27 мартдаги 323/37-6-сонли “Тошкент шаҳрида ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Бизнес-омбудсман томонидан юқоридаги қарорнинг қонунийлиги ўрганилганда, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 21 ва 22-моддалари талабларига асосан, ушбу қарор лойиҳаси адлия органларида экспертизадан ўтказилмагани аниқланди.
“Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг юқоридаги қарорнинг қонунийлигига баҳо бериш ҳамда ваколат доирасида унинг қайта кўриб чиқилишида амалий ёрдам бериш сўралди”, дейилади расмий хабарда.
Таъкидланишича, айни пайтда бизнес-омбудсман идораси томонидан ушбу ҳолат юзасидан қўшимча ўрганишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрел ойида Kun.uz'га мурожаат қилган бир гуруҳ тадбиркорлар Тошкент шаҳрида уларга тегишли ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланаётганидан шикоят қилишган эди.
Kun.uz суриштируви давомида пойтахт кўчаларидаги реклама билбордларига кенг миқёсли «снос» эълон қилингани, реклама конструкциялари суд қарорисиз бузилаётгани, бу жараёнда тадбиркорлар ҳуқуқлари поймол этилаётгани маълум бўлганди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкентдаги реклама объектларини тартибга келтиришда тарафларни қонунларга риоя қилишга чақирган эди.
Ижтимоий тармоқларда ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланаётгани ва бунга нисбатан масъуллар томонидан ҳеч қандай чора кўрилмаётгани ортидан тадбиркорлар ўз мулкларини ҳимоя қилишнинг ноодатий усулидан фойдаланишаётгани акс этган суратлар тарқалганди.
Мавзуга оид
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
10:25 / 09.06.2026
Тошкентда энг кўп аҳоли савдо соҳасида банд
11:40 / 08.06.2026
Тошкент ва Хоразмда йирик гиёҳвандлик савдосига чек қўйилди
09:10 / 07.06.2026