Албатта, журналист ўзининг танқидий кўзи билан қараб, ҳақли саволларни ўртага ташлаб тайёрлаган мақоласи кимларгадир ёқмайди. Кўпинча, улар — танқид остига олинган соҳага мансуб амалдорлар бўлишади.

Журналистга нисбатан туҳмат уюштирилдими, демак, қаламкаш тўғри йўлда эканлиги аён бўлади. Лекин энг ёмони — бу туҳматга ишонадиганлар ҳам топилади. Бу эса руҳий эзилиш, маълум муддат туҳмат тамғаси остида юришга сабаб бўлади.

Аммо журналистика — оддийгина касб эмас, у онгнинг ҳолати, ҳаёт тарзи. Бу соҳада унинг қийинчиликларига бардош бера оладиган, туҳмат, босим ва таҳдидларга қарамасдан, ҳақиқат йўлида ижод қилишда давом эта оладиганларгина довруғ қозонади.

Биламиз, яқин-яқингача амалдорларимиз журналист деганда буйруққа сомеъ, обуна кампанияси чоғида ёрдам сўраб мустаргина бўлиб турган қаламкашларни тушунишган. Муаммоларни кўтариб чиқувчи, танқид қилувчи инсонни эмас. Амалдорларнинг буюртмаси билан улар ишора берган инсонни бадном қилиш учун хизмат қилган қаламкашлар ҳам бўлган, афсуски. Танқид чегараси шу билан тугаган.

Лекин бугун замон ўзгарди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи журналист ва блогерларни қўллаб-қувватлаб турибди. Лекин шунга қарамасдан айрим мансабдорлар, кучишлатар тизимларнинг ходимлари бот-бот журналистларнинг ишига халақит беришга уринишмоқда. Материалларни эълон қилишга қаршилик кўрсатишмоқда, эълон қилинган материалларни ўчиртиришга ҳаракат қилишмоқда. Уларнинг ноқонуний буйруқларига бўйсунмаган журналистларни бадном қилиш, уларга туҳмат уюштиришга жазм этишмоқда.

Феруза ҳам ана шундай инсонларнинг навбатдаги қурбони бўлди. Лекин ҳамкасб синглимиз бундай ҳаракатдан асло тушкунликка тушмаслиги, ўзининг ўткир чиқишлари билан ишлашда давом этиши керак.

Бугун Ферузани кўплаб ҳамкасблари, мутасадди идоралар қўллаб-қувватлашмоқда. Унга қилинган туҳмат қаттиқ қораланмоқда. Жирканч туҳматни кимлар, қандай мақсадларни кўзлаб қилганини ҳам кўпчилик сезиб-билиб турибди.

Бу каби шўришлар Kun.uz журналистларининг ҳам бошидан ўтган. «Журналист мендан 1 гектар ер беришни сўради», деб туҳмат қилиб, қилмиши учун жазосиз қолган мансабдорни эсланг