Жорий йилнинг 7-8 август кунлари Болгариянинг Благоевград шаҳрида университет талабалари ўртасида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида (IMC – International Mathematics Competition) ўзбекистонлик талабалар 15та медал қўлга киритгани ҳақида хабар қилинганди.
Ижтимоий тармоқларда улар муносиб тақдирланмагани юзасидан турли эътирозлар билдирилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу муҳокамалар юзасидан расмий муносабат бериб, бу кўплаб давлатлардан иштирокчиларни жалб қилган маҳаллий тадбир ҳисобланишини маълум қилди.
«Сўнгги кунларда ушбу мусобақада ғолиб бўлган талабалар эътибордан четда қолгани ҳақида ижтимоий тармоқларда асоссиз маълумотлар тарқалиб бормоқда.
Ижтимоий тармоқларда “олимпиада” деб аталган бу тадбир аслида фан мусобақаси бўлиб, олимпиада мақомига эга эмас. Бу тадбирнинг веб-сайти ўрганилганида, шундай хулосага келиндики, бу кўплаб давлатлардан иштирокчиларни жалб қилган маҳаллий тадбир. У локал характерга эга бўлиб, халқаро илмий академик доираларда юқори рейтингга эга эмас», дейилади вазирлик муносабатида.
Шунингдек, ғолиб талабаларга алоҳида эътибор қаратилиб, улар ноутбук, планшет ҳамда китоб жамланмалари билан тақдирлангани ҳақида маълумот берилган.
Ўз навбатида, республика математиклар ҳамжамияти бу фикрларга эътироз билдирди. Қайд этилишича, IMC – бу талабалар ўртасида бўлиб ўтадиган энг нуфузли олимпиада бўлиб, 1994 йилдан буён ўтказилиб келинади. 2021 йилда ўтказилган мазкур мусобақада дунёнинг 50 давлатидан 112 жамоа иштирок этди ва улар THE World University Rankings рейтинги бўйича жорий йилда энг нуфузли ўринларни эгаллаган.
«Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бу расмий муносабати ушбу олимпиадада иштирок этган, иштирок этиш учун йиллар давомида тайёрланиб келаётган минглаб ёшларнинг, қолаверса, Математика фанига қизиқиши бор ёшларнинг руҳиятига ва ижтимоий муҳитига салбий таъсир қилаётганлигини маълум қиламиз», дейилган математиклар ҳамжамияти муносабатида.

















