Нашрнинг қайд этишича, 6 сентябр куни таҳририят аъзолари – бош муҳаррир ўринбосари Феруза Нажмиддинова, тасвирчи Хўжамиёр Холмуродов ва юрист Шоҳрух Олимжонов Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 2-мавзеда қурилиши якунланмаган 14 та бино прокуратура ва ички ишлар ходимлари иштирокида бузиб ташланаётгани ҳақидаги мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказиш учун воқеа жойига етиб боради.

Улар журналист эканликларини тасдиқловчи ҳужжат билан “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартиблардан четга чиқмаган ҳолда журналистик фаолиятини амалга оширишга киришади.

Шу вақтда журналист Ф.Нажмиддинова ва тасвирчи Х.Холмуродовнинг журналистик фаолиятига Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизов томонидан тўсқинлик қилинади. Азизов ёнидаги ички ишлар посбонларига ОАВ ходимлари тартибсизлик келтириб чиқараётганини айтиб, уларни ички ишлар бўлимига олиб боришни буюради. Бунинг учун махсус автобус ҳам чақиртирилади.

Шунингдек, журналистларнинг тасвирга олишига ҳам тўсқинлик қилинган. У.Азизов тасвирчи Х.Холмуродовни ёнига чақириб, тасвирларни ўчириб юборишни ва воқеа жойидан кетишни талаб қилган.

Таҳририят бўлиб ўтган воқеа ҳақида 7 сентябр куни мақола ва видеони эълон қилди. Ҳолат бўйича ўтказилган ўрганишлар натижаси юзасидан 11 сентябр куни Бош прокуратура Qalampir.uz'га расмий баёнот берди. Унда қайд этилишича, Умид Азизов прокуратура органлари тизимида 2019 йилдан, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Юнусобод тумани прокурори сектори котиби вазифасида 2020 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.

Бош прокуратуранинг тасдиқлашича, 2-сектор котиби У.Азизов томонидан мазкур сайт тасвирчисига олинган видеоларни ўчириб кетишини айтиб, журналистик фаолиятга тўсқинлик қилгани аниқланган.

“Текшириш натижасига кўра, У.Азизов билан Тошкент шаҳар прокурори ҳузурида профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунчиликка ҳамда прокуратура органлари ходимларининг “Касб одобномаси”га қатъий риоя қилиш, акс ҳолда интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилди”,