3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» томонидан Теlegram, YouTube, Instagram, Facebook ва Оdnoklassniki каби ижтимоий тармоқлар икки соатдан ортиқроқ вақт давомида блокланди. Бу «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси доирасида Теlegram ва бошқа сервислар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларини жисман Ўзбекистон ҳудудида сақлаш шартларини бажармагани учун амалга оширилган. Бунгача июль ойида ҳам TikTok, Тwitter, Skype, «ВКонтакте»нинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланганди.

Бу иш бошида турган Вазирлар Маҳкамаси президент администрацияси билан келишмаган ҳолда ҳаракат қилгани маълум қилинди. Натижада юқори лавозимли амалдорнинг уч нафари ишдан олинди. Ижтимоий тармоқлар фаолияти чеклаб қўйилиши ва бунга асос бўлган қонунчилик норозиликларга сабаб бўлмоқда. Kun.uz жамоатчилик фаолларининг бу борадаги фикрлари билан қизиқди.

Интернет чекланиши юзага келтирадиган 8 хавотир: нималарни йўқотишимиз мумкин?

«Бу буйруқни берганлар йигирма биринчи асрда яшайдими?»

«Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: «Рус тилининг аҳамиятини тушунтириш бу қуёшнинг аҳамиятини тушунтиришдай гап». Юз йил ўтиб шу гапни интернетга нисбатан бемалол ишлатиш мумкин бўлди. Интернет бутунжаҳон компьютер тармоғи бўлса, унинг ичидаги ижтимоий тармоқларни бутун бир оламга қиёслаш мумкин. Бизнинг ижтимоий муносабатларимиз қурилган оламга.

Биз YouTube’дан видеодарс кўриб ўрганамиз, Twitter’дан зарурий хабарни иссиғида оламиз, Facebook’да дилимиздагини тўкамиз, Telegram’да ишга оид турли жўнатмалар алмашамиз. Бу бизнинг виртуал оламимиз. Аммо баъзида шугина виртуал оламимиз эшигига қулф, йўлагига шлагбаум, деразасига панжара ўрнатишни истаб қолишади. Тушунолмайман, бу буйруқни берганлар йигирма биринчи асрда яшайдими ёки компьютерни ўчириб чўтда ишлайверса бўлади, деб ростдан ҳам ўйлайдиган кишиларми?!