Сўнгги кунларда кетма-кет икки нафар собиқ профилактика инспектори интернет орқали ички ишлар вазирига видеомурожаат йўллади.

Жумладан, Наманган шаҳридаги 2-сонли ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори, катта лейтенант Сардорбек Отабоев видеомурожаатида ўзи ишлаётган идорада содир бўлаётган адолатсизликлар, тизимдаги коррупция ҳақида арз қилганди.

Айни пайтда Сардорбек Отабоев фирибгарлик жинояти содир этганликда гумонланиб, прокуратура томонидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Отабоевнинг адвокати: “Мижозим айби йўқлигини, видеомурожаатдаги гапларига исботи борлигини айтди”

Сардорбек Отабоевнинг адвокати Аҳмаджон Нормирзаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда мижозига нисбатан очилган жиноят иши ҳақида қуйидагиларни маълум қилди.

 “Ҳимоямдаги фуқаро Жиноят кодексининг 168-, 209-моддалари билан айбланиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Вилоят судига шикоят билан мурожаат қилиб, эҳтиёт чорасини алмаштирмоқчи бўлдик, афсуски, ўз кучида қолди.

Унинг айби терговда тасдиғини топса, сўнг судга оширилади ва охирги нуқтани суд қўяди. Айбсизлик призумциясига асосан, Отабоев ҳали жиноятчи эмас. Иш ҳозир Наманган шаҳар прокуратурасида кўриляпти.

Сардорбек Отабоев милиция ходими бўла туриб, YouTube орқали ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Мен унинг айнан шу гумон қилинаётган 168- ва 209-модда бўйича ҳимоячисиман. Мурожаат бўйича Ички ишлар вазирлиги иш олиб боради. Мен адвокатман ва бу соҳага ичига кириб аралашишим мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Бироқ Отабоевнинг видеомурожаат қилганидан сўнг қамалиши қизиқ ҳолат. Чунки у мурожаат қилган куннинг эртасигаёқ қамоққа олинди”, – дейди Аҳмаджон Нормирзаев.