Гарчи Марказий Осиё мамлакатларида турмуш тарзи босқичма-босқич аввалги ҳолатига қайтаётган, энергия таъминоти тикланаётган бўлса-да, блэкаут кўп нарсани издан чиқарди.

Ҳозирча энергия таъминотидаги узилишнинг иқтисодиётга етказган зарари маълум эмас. Барчаси изга тушгач, бу рақамлар ҳисоб-китоб қилиниб, очиқланса керак.

Ўзбекистон

25 январ куни соат 11:00 атрофида Тошкент шаҳрининг қарийб барча туманларида электр энергияси узилиб қолди. Кейинчалик нафақат пойтахт, балки Ўзбекистоннинг аксарият ҳудуди “свет”сиз қолгани маълум бўлди. Қўшни Қозоғистон ва Қирғизистоннинг бир қанча йирик шаҳарлари ҳам электр таъминотисиз қолгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси академияси бўлими бошлиғи, кибержиноятчиликка қарши кураш ва ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Ғайрат Мусаев Kun.uz билан суҳбатда блэкаутни юзага келтирган тахминий версиялардан бири ҳакерлар ҳужуми бўлишини инкор этмади.

Энергетик коллапс метро ҳаракати ва сув таъминотида ҳам муаммоларни келтириб чиқарди. Кутилмаганда содир бўлган узилиш туфайли Тошкент метрополитенининг иши тўхтатилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Кейинчалик ҳаракатланиб кетаётган метро вагонлари бекатлар орасида қолиб кетгани маълум бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, “Тошкентметрополитени”нинг “Машинасозлар” (135 нафар), “Бодомзор-Минор” (70 нафар) ва “Амир Темур” (210 нафар) бекатлари оралиғида (вагонлар ичида) қолиб кетган жами 415 нафар йўловчи олиб чиқилган.

Йўловчилар Kun.uz мухбири билан суҳбатда “бунақаси ҳеч қачон бўлмагани”ни таъкидлашди.