Инсоният доимий равишда иш унумдорлигини ошириш, параллел равишда дам олиш кунларини кўпайтириш учун ҳаракат қилиб келади. Аввал бир кунлик, кейин икки кунлик дам олиш жорий этилган бўлса, аллақачон 4 кунлик иш ҳафтаси устида ҳам экспериментлар ўтказила бошланди.
Масалан, 2018 йилда Янги Зеландиянинг Perpetual Guardian компаниясида ходимлар иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда беш кун ўрнига тўрт кун ишлашган ва натижа аъло бўлган: ходимларда ҳаётдан умумий қониқиш янада ўсган. Бандлик ҳисси пасайиб, зўриқиш даражаси 45 фоиздан 38 фоизга тушган.
2019 йилда Microsoft корпорациясининг Япониядаги филиали ходимларига бир ой давомида жума кунлари ишламасликка имкон берганидан сўнг тўрт кунлик иш ҳафтаси компаниянинг иш унумдорлигини оширади, деган хулосага келган.
Охирги пайтларда эса давлатлар миқёсида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш устида ишланяпти. Охирги пайтларда Испания, Белгия ва АҚШда иш вақтини қисқартириш бўйича режалар амалга оширилаётгани эълон қилинди.
4 кунлик иш ҳафтаси нима дегани?
Бунда иш соати ўртача 40 соатлик меъёрдан 32 соатга туширилади. Лекин бу ходимга тўланадиган маош ва ишхонанинг умумий фойдаси пасайишига хизмат қилмайдиган қилиб амалга оширилиши керак. 4 кунлик иш ҳафтаси бўйича қилинган таҳлиллар ходимлар кўпроқ соат ишлаши қайтага уларнинг самарадорлиги тушиб кетишига сабаб бўлишини аниқламоқда.
Ходимларга 3 кунлик дам олиш жумадан якшанбагача берилиши мумкин ёки иш шароитига қараб ҳафтанинг исталган бир кунида таътил берилишини амалга ошириш мумкин.
Иш ҳафтаси қисқариши: тарихга назар















