Ўзбекистонда 2021 йил 16 апрелдан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1 моддаси талаби билан хорижий интернет платформаларига ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари сақланадиган серверларини олиб келиш талаби қўйилган эди. Ҳозирча бирорта платформа бу талабни бажармади, бунинг ортидан Ўзбекистонда бир қанча ижтимоий тармоқларга кириш чеклаб қўйилди.

Яқинда Kun.uz билан суҳбатлашган АКТ вазири Шерзод Шерматов бу ерда асосий масала серверларни олиб келишда эмаслигини билдирди. Шерматовга кўра, хорижий ижтимоий тармоқларда содир этилган ҳуқуқбузарликни вақтида аниқлаш учун ушбу платформалар Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак.

«Биз қайси давлат моделида кетамиз деганда, умумий стратегияни келишиб олишимиз керак. Шимолий Кореями ёки бошқами…

Бу савол оғир савол, менга қолса БААнинг йўли ёқади. Чунки интернет ва бошқа ҳамма шароитлари бизнес учун яратилган. Лекин Facebook'да ёки бошқа тармоқда кимдир ноқонуний иш қилса, полиция дарров уни топади ҳамда унга чора кўради ёки Дубайдан чиқариб юборади. У ер парламентар, демократик давлат эмас, монархия. Шундоқ бўлса ҳам ҳеч ким монархия экан, демократия йўқ экан деб, тўполон қилиб чиқмаяпти. Лекин бизнес ва одам учун ҳамма шароитлар бор. Бизнинг қанча тадбиркорлар ҳам у ёққа бориб яшаётганини кўргансиз.

Айтмоқчи бўлганим, бизнес учун ва одамлар яшаши учун ҳамма шароитни қилиб беришимиз керак, бу аниқ нарса. Лекин, кимда-ким ноқонуний ҳаракат қиладиган бўлса ёки конституцион тузумга қарши ҳаракат қиладиган бўлса, уни топиш ва жазолаш имконияти бўлиши керак. Тушуняпсизми? Нимага уларда (БАА ҳукуматида) [бунақа имконият] бор, бизда йўқ?

Худди шуни ўрганиб, секин-секин катта ижтимоий тармоқлар билан мулоқот олиб бориб, шунга келишишимиз керак. Чунки, ҳозирда қўшниларимизда бўлаётган воқеаларни ўзи бунга янада эътибор қаратади… Масалан, террористик гуруҳларни ўзаро координация қилиш фаолияти бўлсаю, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган уни тополмаса. Бу нима деган гап? [Тополмаслигининг] сабаби ўша крипто қилинган ижтимоий тармоқда бунга имконият бўлмаса. Ёки Ўзбекистон жуда кўп миллат ва дин вакиллари яшайдиган давлат. Бу ерда миллатлараро низо қўзғатиш жуда осон. Мана Қирғизистондаги воқеалар мисол.