1980 йилда Кубада халқаро гроссмейстер, шахмат бўйича 3-жаҳон чемпиони Хосе Руал Капабланка хотира турнири бўлиб ўтади. Унда жаҳоннинг кўпгина давлатлари қатори СССР шахматчилари ҳам қатнашади. Иттифоқ шахматчилари орасида ўзбекистонлик Игорь Иванов ҳам бор эди. Турнир тугагандан сўнг Москвага учаётган самолёт ёнилғи қуйиш учун Канаданинг Нюфаундленд оролидаги аэропортга қўнади. Шунда Иванов самолётдан тушиб қочади ва Канада ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрайди.

Игор Иванов қочиб кетишидан аввал ва АҚШда / Фото: jessekraai.com

Игорь Иванов ҳақида

1947 йилда Ленинградда туғилган Игорь Иванов ёшлигидан шахматга қизиқади. У саккиз ёшида пионерлар уйида очилган шахмат тўгарагига қатнайди. Аввалига отасидан айрилган Игорь, 14 ёшида онасидан ҳам жудо бўлади. Мактабни битиргач, у Ленинград давлат университетига ўқишга киради. Бироз ўтиб ўқишни ташлаб кетади ва шахмат билан жиддий шуғуллана бошлайди.

Игорь ёшлигидан исёнкор характерга эга бўлган. У улғайгач маъмурий буйруқбозликка асосланган тузумда яшашни хоҳламайди ва СССРдан чиқиб кетиш ҳақида ўйлай бошлайди. У дўстлари даврасида бўлганида доим совет ҳукуматини танқид қилади ва мамлакатни тарк этиш режаси борлигини айтади. Ўшанда бунинг амалда иложи йўқ эди. Дўстлари унга бу гапларни ҳар жойда гапириб юрмасликни маслаҳат беришади.

Шундан сўнг ёш шахматчи Ўрта Осиёга жўнаб кетади. Аввалига у бироз муддат Тожикистонда яшайди. Сўнг Ўзбекистонга кўчиб ўтади.

Тошкентда яшаган Иванов шахмат билан янада жиддий шуғулланади. Ёш болаларга шахматдан сабоқ беради. СССР бўйлаб ўтказилган кўплаб мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашиб, совринли ўринларни эгаллайди.

Иванов 1978 йилда Латвиянинг Даугавапилс шаҳрида ўтказилган саралаш мусобақасида ёш шахматчи, бўлажак жаҳон чемпиони Гарри Каспаровга ютқазиб, иккинчи ўринни эгаллайди.

Жаҳон чемпионлари Гари Каспаров ва Анатолий Карпов / Фото: www.yaplakal.com

1979 йилда ўтказилган СССР спартакиадасида эса ўша пайтда жаҳон чемпиони бўлган Анатолий Карповни мағлуб этади. Ўшанда у 32 ёшда бўлган. Шундан сўнг унинг имкониятларини етарли баҳолашади ва 1980 йилда Кубада ўтказиладиган Капабланка хотира турнирида қатнашадиган шахматчилар рўйхатига киритишади. Кубадаги мусобақагача у яна иккита — Ярославл ва Ашхободдаги мусобақаларда ғолиб чиқади.