Қурилиш бошлангани ҳақидаги хабарни қатор ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги каналлар Покистоннинг The News International нашрига таянган ҳолда тарқатди.
“Ўтган ҳафтада Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилишини бошлади. Умумий қиймати 5 миллиард долларга тенг магистрал лойиҳа Марказий Осиёни Покистон портлари билан бирлаштиради. Шу муносабат билан Термиз шаҳрида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди”, дейилади ЎзА The News International'га асосланиб тарқатган хабарда.
Kun.uz боғланган Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов бу хабар асоссиз эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 26–27 март кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари иштирокида муҳокама учрашувлари бўлиб ўтган. Унда асосан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлатлари ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари муҳокама этилган.


“Муҳокамалар жараёнида трансафғон темир йўли қурилиши Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон иқтисодиётига қандай наф келтириши ҳар уч давлат вакиллари томонидан айтилган. Шунингдек, Афғонистон ва Покистон вакиллари турли тақдимотлар ўтказишган. Аммо бу Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилишини бошлади деган хабарга асос бўла олмайди”, деди Наврўз Ашурматов.
Унинг қўшимча қилишича, хабарда ёзилган гаплар ва трансафғон темир йўли қурилишига 5 миллиард доллар сарфланиши ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.














