Оёқости бўлаётган мораторий: Сурхондарёдаги боғча ҳудудида 43 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланди
Ноқонуний кесилган дарахтлар 1 туп можжевельник, 1 туп рус дарахти ва 41 туп туя дарахтларидан иборат бўлган.
Давлат Экология қўмитаси ахборот хизматининг хабар беришича, Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига Ангор тумани Гулзор маҳалласида жойлашган боғчада кўплаб дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида мурожаат келиб тушган.
Мурожаатга асосан, Давлат экологик назорат инспекторлари томонидан Ангор тумани Гулзор маҳалласи ҳудудида жойлашган 6-сонли мактабгача таълим ташкилотига тегишли ҳудудда текшириш ишлари олиб борилган.
Текширувлар давомида боғча ҳудудидаги 1 туп можжевельник, 1 туп рус дарахти ва 41 туп туя дарахтлари таг қисмидан ноқонуний кесиб ташланганлиги аниқланган.
«Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Давлат экологик назорат инспекторлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади муносабатда.
Аввалроқ Сирдарё вилояти Гулистон туманида ариқ бўйида ўсиб турган 170 туп тол дарахти, Қашқадарёда 10 туп тут дарахти ноқонуний тарзда кесиб ташланганди.
Шунингдек, Қарши давлат университети ҳудудида 38 туп дарахт ноқонуний кесилган. Андижонда туғуруқхона олдидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланган. Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари кесишмасида экилган элдор қарағайлари кечки пайт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилган. Андижон ва Тошкентдаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан, Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган. Шунга қарамасдан, жойларда ҳамон ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари тўхтамаяпти.
Мавзуга оид
10:40 / 13.12.2024
Сариосиёда кўчада йўлбарс юргани рад қилинди
08:32 / 28.11.2024
Қурилиш майдонидаги дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
16:47 / 22.11.2024